Европарламент Ҳаага судини Лукашенкони ҳибсга олишга ордер беришга чақирди
Александр Лукашенко ва унинг режими украиналик болаларни депортация қилишга алоқадор, шунинг учун у ҳам жавобгарликка эга, дейилади Европарламент резолюциясида.
Европарламент Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни Беларус раҳбари Александр Лукашенкони ҳибсга олишга ордер беришга чақирди. 13 сентябр, чоршанба куни евродепутатлар томонидан маъқулланган резолюцияда Лукашенко Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган вилоятларидан 2150 дан ортиқ болаларни, шу жумладан етимларни Беларусдаги соғломлаштириш лагерларига мажбуран олиб чиқишда шерик сифатида кўрсатилган, улар у ерда «руслаштириш ва мафкуравий босимга дучор бўлмоқда». Европа парламенти Лукашенко ва унинг режимини Владимир Путин ва болалар омбудсмени Мария Лвова-Белова сингари ушбу ҳаракатлар учун жавобгар деб билади.
ЕП Лукашенко режимининг Украинага қарши ҳаракатлардаги иштирокини қоралади
Резолюцияда Лукашенко режимининг Украинага қарши асоссиз, ноқонуний тажовузкор урушдаги иштироки; Россия қўшинларини қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаши, армия учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариши, қўшинларни мамлакатга жойлаштириши ва уларни Беларус инструкторлари томонидан ўқитиши; Россия агрессиясига қўшилиши ҳамда Украина чегараси яқинида қўшинларни жойлаштириши қораланади.
Беларус раҳбарияти махсус трибунал олдида жавоб бериши керак
Ҳужжатда қайд этилишича, Лукашенко режими содир этилган жиноятларга шерик бўлди, бу Украинага етказилган вайронагарчилик ва зарар учун жавобгарликни назарда тутади. Шу муносабат билан Европарламент Украинага нисбатан содир этилган жиноят бўйича махсус халқаро трибунал нафақат Россия, балки Беларус раҳбарияти ҳаракатларини ҳам текшириш юрисдикциясига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Шу сабабли, европарламентарийлар Европа Иттифоқи институтлари ва Европа Иттифоқи давлатларини «Украинага қарши босқинчилик, ҳарбий жиноятларда иштирок этган Беларус расмийларини жиноий жавобгарликка тортиш»ни таъминлаш учун барча чораларни кўришга чақирди.
Мавзуга оид
13:10 / 24.10.2024
Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
20:39 / 08.10.2024
Беларусда «давлат ҳокимиятини эгаллашга уринган» 22 нафар мухолифатчига жиноят иши қўзғатилди
21:50 / 04.10.2024