Нуқтайи назар | 17:21 / 15.09.2023
206841
2 дақиқада ўқилади

“Толибон” Афғонистони ва геосиёсат: Хитой келишувни буздими?

Хитой биринчи бўлиб толибларга ўзининг элчисини юборди. Лекин шу пайтгача дунёдаги қудратли давлатлар ўртасида норасмий келишув бор эди: “Тан олсак, “Толибон”ни ҳаммамиз келишиб тан оламиз. Лекин толиблар ҳаммамизнинг умумий шартларимизни қабул қилиши керак: инклюзив ҳукумат, аёллар ҳуқуқлари... Ҳеч ким ўзбошимчалик билан тан олмаслиги керак”.

Хитойнинг Афғонистондаги янги элчиси Зао Шенг “Толибон” ҳукуматидаги бош вазир Муҳаммад Ҳасан Оҳунд билан кўришмоқда. / Фото: “Толибон” бош вазирининг матбуот хизмати

Мана, кутилмаганда Хитой Халқ Республикаси Кобулга расман ўзининг элчисини юборди. Бу билан Пекин бошқа қудратли давлатлар билан ўзаро норасмий келишувларини бузди. Хитой “Толибон”ни расман тан олмасдан, босқичма-босқич легаллаштириш тактикасини қўлламоқда.

Энди ҳадемай Россия ва бошқа давлатлар ҳам ўзларининг янги элчиларини юбориш эҳтимоли ошди. Аниқлаштириш керакки, шу пайтгача Кобулда эски элчилар ўтирибди. Бу элчилар олдинги афғон президенти Ашраф Ғанига ишонч ёрлиқларини топширганди. Биринчи бўлиб Хитой ўзининг элчисини янгиламоқда ва “Толибон”га ишонч ёрлиқларини топширмоқда.

Дунёда геосиёсий диффузия, тарқоқлик ва зиддиятлар жуда тез кучаймоқда, сифат жиҳатидан ошмоқда.

Қиёслаш учун, “Толибон”нинг биринчи версияси (1996-2001 й.) ҳокимиятга келганда, бу режимни биринчи бўлиб учта мусулмон давлати тан олганди. Булар – Покистон, Саудия Арабистони ва Араб Амирлиги эди. Яъни асосий мотив – геомафкура: “Афғонистон ҳокимиятига исломий кучлар келиб қолибди, албатта тан оламиз ва қўллаб-қувватлаймиз... Зеро бизлар ҳам мусулмон давлатларимиз”.

Бу сафар эса, “Толибон”га биринчи бўлиб Хитой элчи юборди. Россия ҳам толиблар билан анча ош-қатиқ. Олдинги учта ва бошқа мусулмон давлатлари эса, у қадар ҳиссиётга берилишмади.

Демак, бу сафар энг асосий мотив – геосиёсат: “Қайси динга эътиқод қилсанг ҳам, катта майдонда ким сенга дўст-у, ким душман – мана шуниси муҳим”.

Мавзуга оид