10:11 / 16.09.2023
8083

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасида янги департамент ташкил этилди

У кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва соҳада давлат сиёсатини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

“Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

2023 йил 1 октябрдан “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилади.

2023 йил 1 октябрдан дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг берилади. 

Бунда, 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади.

Қиймати 1,5 миллиард сўмгача бўлган асосий воситалар 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга берилади. Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 миллиард сўмгача грант маблағлари ажратилади. 

2024 йил 1 январдан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади. 

Қарор билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасида Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва соҳада давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилди.

Top