08:42 / 19.09.2023
6502

АҚШ ва Эрон ўзаро маҳбусларни алмашди

Беш америкалик Доҳадаги ҳисобга АҚШ расмийлари томонидан хатловга олинган 6 миллиард доллар тушгани тасдиқлангач, Эрондан Қатарга учиб кетди. Икки эронлик Эронга кетди, яна уч нафари қайтишни истамади.

Фото: AP / Lujain Jo

АҚШ ва Эрон Қатар воситачилигида маҳбусларни алмашди. Бу ҳақда 18 сентябр, душанба куни Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Эрон ҳибсхонасидан озод этилган беш америкалик фуқаро Теҳрондан Қатар пойтахти Доҳага учиб кетди, ҳар икки томон Доҳадаги ҳисобрақамига 6 миллиард доллар тушгани ҳақидаги тасдиқни олди - Эрон маблағлари АҚШ томонидан келишув доирасида музлатиб қўйилганди. Бундан ташқари, озод этилганларнинг икки оила аъзосига Эронни тарк этишга рухсат берилди.

Ўз навбатида, озод этилган беш нафар эронликдан икки нафари Қатарга қўнди, деди АҚШ расмийси. Келишувга алоқадор яна уч киши Эронга қайтмасликка қарор қилди, деб ёзади Reuters. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, улардан икки нафари АҚШда қолади, яна бири учинчи давлатда оиласи билан бўлади. 

Алмашиш доирасида Қўшма Штатлар бизнесменлар Сиамак Намозий ва Эмад Шаргий, шунингдек, эколог Морад Таҳбазни қайтарди, деб ёзади Reuters. Учаласи ҳам хориж ҳукумати билан ҳамкорлик қилганлик ёки жосуслик учун ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яна икки кишининг шахси ошкор этилмаган. 

Эрон маблағларни фақат инсонпарварлик эҳтиёжлари учун сарфлай олади 

Маҳбусларни алмашиш бўйича келишув Қатарнинг фаол воситачилиги билан амалга оширилди, у ерда камида саккиз раунд музокаралар ўтказилди, деб ёзади Reuters. АҚШ ҳукумати томонидан хатловга олинган 6 миллиард доллар ҳам ушбу давлат банкига ўтказилган. Бу пул Теҳронга соф ҳуманитар эҳтиёжлар учун сарфлашга берилади, деди Америка томони. 

Эрон маблағларининг келишув бўйича ўтказилиши АҚШ республикачилари томонидан танқидга учради. Уларга кўра, президент Жо Байден АҚШ фуқаролари учун амалда тўлов тўлаган, деб таъкидлайди Reuters. 

Top