10:27 / 19.09.2023
11863

FT: Россия ғарб фирмаларининг 18 млрд долларлик фойдасини блоклаб қўйди

Биргина 2022 йилнинг ўзида Россия бозорида қолган «дўст бўлмаган» мамлакатлар компаниялари 18 млрд доллар фойда олди ва бу пулни мамлакатдан олиб чиқа олмаяпти, деб ёзади Financial Times КИМ маълумотларига таяниб. 

Фото: Олег Харсеев / Коммерсантъ

Financial Times нашрининг ёзишича, Россия ҳукумати Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг мамлакатни тарк этмаган ғарб ишлаб чиқарувчилари учун фойда олиш имкониятини тўсиб қўйган. Нашр 18 сентябр, душанба куни Киев иқтисодиёт мактаби (КИМ) маълумотларига таяниб ёзишича, 2022 йилда Россияда хорижий фирмалар ишлаб топган жами 20 миллиард долларнинг 18 миллиард доллари «дўст бўлмаган» деб аталувчи мамлакатлар компаниялари ҳиссасига тўғри келган. 

2022 йилда Россияда хорижий фирмаларнинг умумий ялпи даромади 217 миллиард долларни ташкил этди, шундан 199 миллиард доллари «дўст бўлмаган» мамлакатлар компаниялари ҳиссасига тўғри келди. «Россияда ўнлаб миллиардлаб доллар қолиб кетган. Уларни олиб чиқишнинг иложи йўқ», деди «дўст бўлмаган мамлакат»дан йирик компаниянинг ижрочи директори FT’га. Шу билан бирга, энг катта фойдани Америка (4,9 миллиард доллар) ва Германия (2,4 миллиард доллар) компаниялари, алоҳида фирмалар орасида эса Австриянинг Raiffeisen Bank банки (2 миллиард доллар), Американинг Philipp Morris (775 миллион доллар) ва PepsiCo (718 миллион доллар), шунингдек, Швециянинг юк машиналари ишлаб чиқарувчи Scania (621 миллион доллар) ширкати олган. 

Россия ҳукуматларга босим ўтказиш учун ғарб фирмаларининг пулларидан фойдаланиши мумкин 

Россияда «дўст бўлмаган» деб тан олинган давлатларга босим ўтказиш мақсадида Кремл компанияларнинг пулларини блоклаб қўйди. Бу 2022 йилда «дўст бўлмаган» мамлакатлар компанияларига дивидендлар тўлаш тақиқланганидан кейин содир бўлди, деб хабар қилмоқда FT. Газета қайд этишича, бу қоидадан истиснолар бўлиши мумкин, аммо улар кам. Нашрнинг ёзишича, Россия расмийлари бундай операциялар учун рухсатномалардан «яхши хулқ-атвор», жумладан, Россияда қолиш истаги учун мукофот сифатида фойдаланади. 

Берлиндаги Россия ва Евросиё тадқиқотлари Карнеги маркази илмий ходими Александра Прокопенкога кўра, Москва Россиядан пулларини қайтаришга интилаётган ғарб фирмаларидан Россия активларини олиш учун ғарб давлатлари расмийларига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишга уриниши мумкин. 

Шу билан бирга, айрим компаниялар ушбу маблағларни Россиядан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Хусусан, Американинг Mars корпорацияси Россиядаги шуъба корхонаси бош концернига дивидендларнинг 56,1 фоизини тўлаб, «уларни ўз қарзларидан қоплаган», дея таъкидланади маълумотда. «Дўст» мамлакатларнинг баъзи компаниялари ҳам Россиядан пулларини олиб чиқиб кетишда муаммоларга дуч келяпти, деб таъкидлайди FT. 

Нашр, шунингдек, кўплаб хорижий компаниялар ўз рус бизнесини сотишга уринганини эслатиб ўтди, бироқ ҳар қандай бундай битим Россия расмийларининг розилигини талаб қилади ва Россиядаги харидорлар учун сезиларли чегирмаларни назарда тутади. Бундан ташқари, аввалроқ Россиянинг ғарб фирмалари Россия бизнесини миллийлаштириш режалари ҳақида хабар берилган эди. Июл ойида Путиннинг Danone компаниясининг Россиядаги филиалини давлат бошқарувига ўтказиш ҳақидаги фармони ҳақида маълум бўлди. 

Top