Ўзбекистон | 16:29 / 28.09.2023
6983
2 дақиқада ўқилади

Айдар – Арнасой кўллар тизимида сув ҳажми 36 км кубгача камайган

Иқлим ўзгариши ва ташқи манбалардан ташланаётган сув миқдорининг қисқариши сабабли Айдар - Арнасой кўллар тизимида сув ҳажми 49,2 км кубдан 36 км кубгача камайган.

Фото: Uzbekistan.travel

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Бош прокуратура Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини ўрганди.

Қайд этилишича, Айдар-Арнасой кўллар тизимига қуйиладиган сув ҳажми йилдан йилга камайиб, сув захираси 49,2 км кубдан 36 км кубга пасайган, сувнинг шўрланиш даражаси 10-11 фоизга ошгани натижасида табиий буғланиш ва чўллашиш кескин ошган.

Шунингдек, 63,3 минг гектар майдондаги «Арнасой» орнитологик қўриқхонасининг флора ва фаунасига салбий зиён етказилгани аниқланган.

Ўрганишлар натижаси бўйича 27та ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича суд қарорларининг ижроси таъминланиб, экология бошқармасининг 114,5 млн сўмлик дебитор қарздорлиги ундирилган.

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдори айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб, кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи пасайиб бормоқда. Сувнинг минераллашув даражаси ҳам ошган. 

Бу Ўзбекистонда сув билан боғлиқ ягона муаммо эмас: толиблар томонидан Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо қилмоқда. Мазкур канал қуриб битказилса, Амударёнинг деярли 10 куб километри, яъни учдан бир қисми Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади

Мавзуга оид