00:52 / 30.09.2023
6766

Норвегия 3 октябрдан Россия рақамларига эга автомобилларни киритмайди

Тақиқ тўққиз нафаргача йўловчи сиғимига эга енгил автомобилларга нисбатан қўлланилади.

Фото: DPA

Норвегияда Россия давлат рақамларига эга автомобилларнинг мамлакатга киришига тақиқ жорий этилди, деб хабар берди мамлакат ТИВ. Тақиқ 3 октябрдан кучга киради.

Чеклов тўққиз нафаргача йўловчи сиғимига эга енгил автомобилларга нисбатан қўлланилади.

«Шундай қилиб, чегарани, масалан, микроавтобуслар ва автобуслар орқали ҳали ҳам кесиб ўтиш мумкин», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Норвегия фуқаролари ёки Европа иқтисодий ҳудуди давлатларининг Россияда доимий яшовчи фуқаролари ва уларнинг қариндошларига тегишли автомобиллар учун ҳам истисно жорий қилинган. Бундан ташқари, чекловлар дипломатик транспорт ва халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситаларига тааллуқли эмас. Бундан ташқари, гуманитар сабабларга кўра истиснолар бўлиши мумкин, деб аниқлик киритди вазирлик.

2023 йил сентябр ойи бошида Еврокомиссия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россиядан товарлар, жумладан, автомобилларни олиб киришга тақиқни қандай қўллаш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берди. Шундан сўнг, Латвия, Литва, Эстония, Полша ва Финляндия Россия давлат рақамларига эга автомобилларни ўз ҳудудига киришини тақиқлади.

Top