ҲАМАС қандай ташкилот? Урушнинг тугаши нимага боғлиқ?
Мана 76 йилдирки, Яқин Шарқда тинчлик йўқ. Бир вақтлар эмин-эркин яшаган Фаластин аҳолисининг ерлари бугун деярли тўлиқ эгалланган. Исроил 1967 йилги чегараларга қайтишни, Фаластин давлатига имкон беришни истамаяпти. Натижада, Яқин Шарқда, қолаверса, коллектив ғарб ва мусулмон дунёси ўртасида ўзаро муносабатларга катта зарар етмоқда.
Фаластин–Исроил можароси 76 йиллик тарихга эга. Исроил – ёш давлат, у 1947 йилда ташкил топган. Унга қадар, тахминан икки минг йил атрофида, мавжуд бўлмаган. Яҳудийларнинг қадимги давлатлари йўқ бўлиб кетишига яҳудийларнинг ички низолари ва ўша даврда янги дин ҳисобланган христианлик асосий сабаблар бўлган.
1945 йилда, Гитлер Германияси йиқитилгач, дунё ҳамжамиятида яҳудийларга нисбатан глобал ачиниш ҳисси жуда кучли бўлади. 1945 йилда янги ташкил қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ўзининг энг биринчи катта иши сифатида, яҳудийлар учун Исроил давлатини ташкил қилишга киришади. БМТ қарорларига кўра, ўша даврдаги Фаластин ерларини иккига бўлиб, ерларнинг тахминан 55 фоизини яҳудийларга бериш, қолган 45 фоизини фаластинликларга қолдиришга келишилган.
Лекин, Исроил давлати ўша берилган ерлар билан чекланиш нияти йўқлигини кўрсатади. Мақсад – Фаластин давлати ерларини тўлиқ ўзлаштириш, Фаластин деган давлатни йўқ қилиш эди. Бу лойиҳага араб ва мусулмон давлатлари қарши чиқишади. Лекин, Исроилнинг орқасида турган коллектив ғарб, аввало АҚШ, Англия ва Франция имкониятлари устунлик қилади.
1970 йилларга қадар, Фаластин давлати ва унинг манфаатлари учун асосан араб давлатлари курашади. Сезиларни натижа бўлмагач, араб жамиятлари ва халқлари жуда тушкун аҳволга келади. Ташаббусни, “араб кўчаси” – оддий одамлар, уларнинг уюшма ва ташкилотлари қўлга ола бошлайди. Айнан 1970 йиллар охирларига келиб, ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби, жангари гуруҳлар тузила бошлайди. Бу гуруҳлар, ҳар хил методлар орқали, жумладан, жангари усуллар билан ҳам, Исроилга қарши курашади, Фаластин ерларини озод этишга ҳаракат қилади.
1982 йилда, Ливанда шиаларнинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи тузилади. 1987 йилга келиб эса ҲАМАС тузилади. ҲАМАС – сўзи аббревиатура бўлиб, “Исломий қаршилик харакати”нинг қисқартмаси ҳисобланади.
Бошқа жангари гуруҳлар қатори, ҲАМАСнинг ҳам икки қаноти мавжуд. Сиёсий қанот ташкилотнинг молиявий ишлари, ташқи алоқалар, мафкура каби масалалари билан шуғулланади. Ҳарбий қанот эса, Исроилга қарши ҳарбий операциялар ўтказиш, ҳарбий тайёргарлик каби ишлар билан банд бўлади.
ҲАМАС борасида, дунё давлатлари учга бўлинади. Исроилдан ташқари, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада, Япония каби давлатлар “террористик ташкилот” деб эътироф этади. Эрон, Қатар, Туркия, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Швейцария ва бошқа кўплаб давлатлар ҲАМАСни “террористик” деб тан олмайди. Араб ва мусулмон давлатларининг мутлақ кўпчилиги, ҲАМАСни “Исроилнинг ноқонуний ҳаракатларига қарши, Фаластин манфаатлари учун курашаётган ташкилот” сифатида эътироф этади. Учинчи давлатлар ҳам борки, улар ҲАМАСнинг фақат ҳарбий қанотини “террорчи” деб билади, мисол учун, Бирлашган Қироллик.
Саудия Арабистони ҲАМАСни “террорчи” деб айтмайди, лекин алоқалари ҳам яхши эмас. Чунки ҲАМАС Эрон ва Қатарнинг лойиҳаси сифатида кўрилади, бу эса Саудияга ёқмайди. Саудия 2014 йилда Мусулмон биродарлари ташкилотини “террорчи” ташкилотлар рўйхатига киритган эди, ўшанда баъзи саудиялик сиёсатчилар, билвосита “ҲАМАС – Мусулмон биродарлари ташкилотининг филиали” деган маънода, салбий муносабат билдиришади.
ҲАМАСнинг ҳарбий қанотидаги жангарилар сони, баъзи маълумотларга кўра, 10-12 минг киши экани айтилади.
ҲАМАСнинг Исроилга 7 октябр куни бошланган ҳужуми минтақадаги геосиёсий вазиятни таранглаштирди. ҲАМАСнинг ҳужуми Исроилнинг мақталган мудофаа тизимига катта саволларни уйғотди, Исроил разведкаси ҳам одамлар тасаввур қилган даражада мукаммал эмаслиги маълум бўлди.
ҲАМАСнинг бу операцияси қуйидаги геосиёсий вазифаларни кўзлаши мумкин:
- Исроил ва Саудия диалоги, уларнинг ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатиши ҲАМАС, унга тарафдор бўлган давлатлар, аввало Эроннинг манфаатига тўғри келмайди;
- Гарчи Исроил билан барча араб давлатларининг алоқалари нормал бўлганда ҳам, Фаластин давлати тузилмас экан, бу Исроилга ёрдам бермайди – тинчлик ва барқарорликка эришилмайди;
- Исроил, тинчлик ва барқарорликка эришиш учун, Фаластин давлатини 1967 йилги чегараларда ташкил топишига рози бўлишдан бошқа чораси йўқ...
Ҳақиқатда ҳам, Фаластин муаммоси, нафақат глобал араб кўчасида, балки салкам икки миллиардлик мусулмон дунёсида ҳам тарихий адолатсизлик сифатида қабул қилинади.
Бу ғарб учун ҳам ўта ноқулай ва қимматга тушаётган муммога айланиб бўлган. Асосий масала – Исроил давлатининг инжиқ ва тажовузкор раҳбарияти бўлиб, уни Фаластин давлатига ён беришга кўндириб бўлмаяпти.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
11:59
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
00:02
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024