11:14 / 13.10.2023
24144

Эрдўған: Ғазодаги қирғинни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди

Исроил-Фаластин зиддиятига муносабатимиз адолат ва ҳалолликка асосланган, деди Туркия раҳбари.

Фото: AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Бештепа Миллий конгресс ва маданият марказида бўлиб ўтган Туркия Ёшлар жамғармасининг (TÜGVA) ташкилий йиғилишида иштирок этди.

Президент нутқ сўзлаб, Исроил-Фаластин можаросига алоҳида эътибор қаратди.

«Биз асрлар давомида адолатдан воз кечмаган халқмиз. Исроил-Фаластин зиддиятига муносабатимиз адолат ва ҳалолликка асосланган», - деди Эрдўған.

У АҚШнинг бу борадаги позициясини танқид қилиб, дунёнинг барча давлатларини тинчликка эришиш учун ҳаракат қилишга чақирди.

«Америка каби давлат учун нима кўпроқ мос келади? У тинчлик ўрнатишга интиляптими ёки оловни янада кучайтиряптими?» - деди президент.

Эрдўған бутун дунё эътиборини қамалдаги Ғазо секторида оғир ҳуманитар вазиятга қаратди:

«Ғазода сув ҳам, нон ҳам, озиқ-овқат ҳам йўқ. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига зиддир. Ғарб қаерга қараяпти? Улар ҳозиргача қандай чоралар кўрди? Ҳеч қандай!»

Ҳар қандай уруш маълум қонун-қоидаларга кўра олиб борилиши кераклигини таъкидлаган президент Эрдўған Ғазонинг бомбардимон қилинишини қирғинга қиёслади.

«Ғазодаги қирғинни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди», деди у.

«Ғазонинг 2 миллион аҳолисига электр, сув, ёнилғи ва озиқ-овқат таъминотини узиб қўйиш ғайриинсонийликдир ва уруш қоидаларида бундай нарса йўқ», - деди Эрдўған.

Унга кўра, давлатлар қонунларга риоя қилиши ва бунинг учун жавобгарликни зиммасига олиши шарт: «Гуруҳлардан фарқли ўлароқ, давлатлар уруш қонунлари ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбур. Бу чегара аста-секин йўқолиб бораётганини кўряпмиз».

Президент таъкидлашича, ҳозир энг муҳим вазифа кескинликни пасайтириш, тинчлик ўрнатишдир.

«Биз можаролар минтақамизга тарқалишини истамаймиз. Минтақада овози ва таъсири бўлганларни кескинликни пасайтиришга, кимнидир кўр-кўрона қўллаб-қувватламасликка чақирамиз», - деди Эрдўған.

Top