Ўзбекистон | 17:12 / 16.10.2023
64333
7 дақиқада ўқилади

Озод одамни қамоққа тиқиш “санъати” ёхуд санкция олиш учун эрмак қилинаётган 211-модда

Терговчиларда бир қоида бор: “Айбловни максимал қўявер, айби бўлмаса суд олиб ташлайди, муҳими “дело” синмаса бўлгани”. Ишни суддан қайтмайдиган ва айбланувчини оқланмайдиган қилиб ўтказишнинг яхши усулларидан бири бу – қандай қилиб бўлмасин гумондорни қамоққа киритиб олишдир. Ана шунда судланувчи оқланмаса ҳам, ҳеч бўлмаса суддан озодликка чиқиб кетишига рози бўлади. Бунинг учун терговчи нима қилиши керак – гумондорга қамоққа лойиқ айбни тиркаш...

Фото: Kun.uz

Сўнгги вақтларда мамлакатда энг кўп кузатилаётган жиноятлардан бири бу – фирибгарлик, яъни алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш (Жиноят кодексининг 168-моддаси) бўлмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган (шу жумладан қилмиш зарар келтириб чиқармаган) тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Тергов органи эса бирор шахсга ҳақиқатда зарар етмаган фирибгарлик ишларида гумонланувчини қамоққа тиқишни истаса, бу модданинг ёнига қўшимча моддалар тиркаш йўлидан боради. Ана шундай моддалардан амалиётда кенг қўлланилаётгани – 211-модда (пора бериш) бўлади.

211-моддада пора беришга қуйидагича таъриф берилган: давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш.

Қуйида масалани 2 та кейс мисолида тушунтириб ўтамиз.

1-кейс. Яшнобод туман прокуратураси

Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга раҳбарлик қилган Дониёр Ҳаж зиёратини фақат давлат ташкил қилиши мумкинлигига оид чекловга қарамай, имконини топиб фуқароларни 5 аркондан бири бўлган Ҳаж зиёратига юбора бошлайди.

Аммо, бир фуқаронинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга “йўллаган шикояти” асосида ўтказилган тезкор тадбирда Дониёр қўлга олинади. Айб ўша – одамларни Ҳажга юбориш. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилади. Ҳаракатда шу модда бўйича жиноят таркиби бўлиши мумкин-у, аммо ҳеч кимга зарар етказилмаган эди (яъни иш ҳолатида зарар йўқ).

Аммо Дониёрни руҳий жиҳатдан синдириш ва бу орқали унга оғирроқ айбловларни қўйишга эришиш учун уни қамоққа олиш зарур эди.

Бундай ҳолатда тергов 211-моддани қўллайди, бу модда бўйича айби борми – йўқми, бу аҳамиятсиз. Иш қўзғатилган вақтда дастлаб очиқда бўлган Дониёрга шу модда тиркалиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди, Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судяси Эшматов Шерзод Номозовичнинг санкцияси билан.

Икки одамнинг кўрсатмасидан бошқа далили бўлмаган тергов Дониёрни 168-модда (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 211-модда модда 2-қисми “а” банди билан айблаб ишни судга оширди.

Қилмишнинг таркибида 211-модда йўқ экани аниқ ва равшан кўриниб тургани учун ҳам иш кўришни бошлаган суд Дониёрни суд тергови давридаёқ қамоқдан озод қилди. Суд жараёнларида у очиқда юриб қатнашди.

Ишни кўриб тугатган суд ҳукмда 211-моддани айбловидан чиқариб ташлади ва у бўйича Дониёрни оқлади.

2-кейс. Зангиота туман прокуратураси

Ўрта Чирчиқ туманида фермер хўжалиги юритадиган Акмалга унинг таниши, чорвага ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Хуршид мурожаат қилиб, 17 гектар ер майдонини ижара асосида беришга деҳқон топиб беришни илтимос қилади.

Деҳқонлар топилгач, Акмал Хуршидга бу ҳақда хабар беради. Хуршид эса ернинг бир мавсум фойдаланиш учун ижара баҳосини айтиб, деҳқонлардан пулни олавериш мумкинлигини айтади.

Бу “деҳқонлар” эса прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Зангиота туман бўлимига ёлланган одамлар эди. Тезкор тадбир ташкил қилиниб, унда Акмал гўёки 15 минг долларни олгандай ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қўлга олинади. Аҳамиятлиси, Акмал пулни қўлига олмаган, бу ерни деҳқонларга бирор бир тарзда сотиш ҳуқуқи (ваколати)га ҳам эга бўлмаган.

Ишни қабул қилиб олган Зангиота туман прокуратураси терговчиси Х.Ф.Очилов Акмалга зудлик билан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун судга илтимоснома киритади.

Суд эса илтимосномани қаноатлантиради ва Акмални қамоққа равона қилади (санкция берган судя ҳақида таҳририятда маълумот йўқ). Иш ҳозирча терговда, Акмалнинг яқинлари эса адолат истаб у идорадан бу идорага зир югурмоқдалар.

“Результат” учун тадбир уюштирадиган департамент

Прокуратура органлари тизимида ишловчи манбамиз юқоридаги ҳолатнинг сабабини шундай тушунтиради:

“Терговчиларда бир қоида бор: “Айбловни максимал қўявер, айби бўлмаса суд олиб ташлайди, муҳими “дело” синмаса бўлгани”. Ишни суддан қайтмайдиган ва айбланувчини оқланмайдиган қилиб ўтказишнинг яхши усулларидан бири бу – қандай қилиб бўлмасин гумондорни қамоққа киритиб олишдир. Ана шунда судланувчи оқланмаса ҳам, ҳеч бўлмаса суддан озодликка чиқиб кетишига рози бўлади. Бунинг учун терговчи нима қилиши керак – гумондорга қамоққа лойиқ айбни тиркаш...

Чунки прокуратура ҳузуридаги департамент – бу “результат” учун ишлайдиган ташкилот. Кўрсаткичлари (қўзғатган жиноят ишлари сони) ўтган йилдагидан камайиб кетмаслиги керак...”

Афсуски, бу каби кейслар жуда кўп, аммо улар ҳақида жамоатчилик доим ҳам хабар топавермайди. Ҳол сўрайдигани йўқ, казо-казолар орасида таниш-билишлари бўлмаган содда одамларни эса тақдирга тан бериб, суднинг “адолати”га кўз тикишдан ўзга чораси бўлмайди одатда.

Ясама айбловлар бўйича қамоқ учун ажрим чиқариб бераётган айрим қўғирчоқ судялар – алоҳида мақола мавзуси.

Эслатиб ўтамиз, янгиланган Конституциянинг 27-моддасига кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz

Мавзуга оид