13:09 / 03.11.2023
13870

«Бизга тинч ва барқарор Афғонистон керак» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон раҳбари минтақага барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида қўшни Афғонистондаги вазиятни халқаро майдондаги бошқа можаролар фонида унутиб қўймасликка чақирди.

«Минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақамизда стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартидир. Бироқ дунёнинг бошқа нуқталарида низо ва урушлар авж олаётган ҳозирги шароитда ушбу муаммо халқаро ҳамжамият эътиборидан тобора четда қолмоқда.

Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз.

Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак.

Биз илгари сураётган Трансафғон темир йўлини барпо этиш ташаббуси айнан мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистон афғон халқига бундан буён ҳам зарур ёрдамни бериб боради. Термиздаги логистика хаби орқали гуманитар кўмак кўрсатишни, таълим марказида эса афғон фуқароларини ўқитишни фаол давом эттирамиз», деди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев бугун қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ва қарорлар, жумладан, саммит декларацияси ҳамда Остона акти минтақа мамлакатларининг ёрқин туркий келажак сари навбатдаги дадил қадамлари бўлишига, ўз тарихи давомида кўп-кўп синовларни бошидан кечирган ва уларга биргаликда ечим топган қардош халқлар келгусида ҳам буюк ишларни амалга оширишига ишонч билдирган.

 

Top