Ўзбекистон | 15:34 / 13.11.2023
4543
3 дақиқада ўқилади

Давлат органлари ўз харажатларини эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйишяпти – Аксилкоррупция агентлиги

Очиқликка доир фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг харидлари, автомобиллар ва хизмат сафарлари харажатлари каби ижтимоий аҳамиятга молик 35 тоифадаги ўз маълумотларини очиқ эълон қилиши шарт. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўтказган мониторингга кўра эса, давлат органлари аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажатларига оид маълумотларни очиқ эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўймоқда. 

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолати мониторинг қилинди. Агентликнинг маълум қилишича, мониторингда 93 та вазирлик ва идораларнинг 2023 йил 3-чорагидаги фаолияти мобайнида очиқликка доир ҳужжатда кўрсатилган ижтимоий аҳамиятга молик 35 та тоифадаги маълумотларни эълон қилиш даражаси ўрганилди.

Хусусан, мониторингда 21 та вазирлик, 7 та қўмита, 11 та агентлик, 7 та марказий муассаса, 13 та ҳокимлик ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 23 та давлат улуши мавжуд ташкилот ва 10 та банк томонидан маълумотларни белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиниши таҳлил қилинган.

Маълум бўлишича, 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан умумий 52 % самарадорлик кўрсаткичи қайд этилган – яъни ташкилотлар эълон қилиниши лозим бўлган 1103 та маълумотлардан фақат 577 таси эълон қилган.

“Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиш даражаси 8 та давлат органи фаолиятида 100%, 11 тасида 80 %дан юқори, 23 тасида 50 %дан юқори ва 51 тасида 50 %дан паст самарадорлик кўрсаткичларида ижро этилган.

Шунингдек, идоралар кесимида ижро самарадорлиги вазирликлар фаолиятида 66 %ни, қўмиталарда 56 %ни, агентликларда 54 %ни, ҳокимликларда 56 %ни, давлат улуши мавжуд ташкилотларда 43 %ни, банкларда 32 %ни ва марказий муассасаларда 31 %ни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ эълон қилиш даражаси бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич марказий муассасалар, давлат улуши мавжуд ташкилотлар ва банклар ҳиссасига тўғри келади”, — дейилади агентлик хулосасида.

Мониторинг жараёнида аниқланишича, давлат органлари томонидан аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажатларига оид маълумотларни очиқ эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.

“Жумладан, давлат органлари фаолиятидаги давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар 47 %, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 44 %, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 59 %, харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 42% кўрсаткичларда эълон қилинган”.

Ўрганиш якунига кўра, Агентлик томонидан 23 та давлат органлари ва ташкилотларига очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Мавзуга оид