11:07 / 13.11.2023
6244

«ГУР»: Мелитополдаги штабда Россия ҚКнинг бир неча зобити ўлдирилди

Запорижжя вилоятининг эгаллаб олинган Мелитопол шаҳрида ҳарбий штабда юз берган портлаш оқибатида камида уч нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Украина разведкаси. Ҳалок бўлганлар орасида Россия гвардияси зобитлари ҳам бор. 

Фото: Andrei Rubtsov/TASS/dpa/picture alliance

12 ноябр, якшанба куни Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси маълум қилишича, эгаллаб олинган Запорижжя вилоятининг Мелитопол шаҳрида россиялик зобитлар ҳалок бўлган. «Оккупантлар штабидаги портлаш натижасида Россия гвардиясининг камида уч зобити йўқ қилинди. Душманнинг бошқа йўқотишлари ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда», - дейилади Бош разведка бошқармасининг Telegram’даги хабарида. 

Разведка маълумотларига кўра, бир кун олдин Мелитополда содир бўлган кучли портлаш «маҳаллий қаршилик ҳаракати вакиллари томонидан амалга оширилган қасос ҳаракати» бўлган. Портлаш «Новая почта»нинг Дмитрий Донцов кўчасида жойлашган россияликлар томонидан эгаллаб олинган биноларида содир бўлди. «ГУР»нинг даъво қилишича, Россия Қуролли кучларининг штаби ушбу бинода жойлашган бўлиб, унга ҳужум Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Россия гвардияси ходимларининг қўшма йиғилиши чоғида содир этилган. 

Йиғилиш олдидан йўллар тўсиб қўйилган

Украина разведкасининг тушунтиришича, йиғилишдан бир соат олдин россияликлар йўлнинг «Мелитопольский автогидроагрегат» корхонасидан «Рефма» собиқ Мелитопол музлаткичлар машинасозлиги заводигача бўлган қисмида автомобиллар ҳаракатини тўсиб қўйган. «Москваликлар иккала саноат объектини ҳам ҳарбий базага айлантирди», - дея аниқлик киритган Бош разведка бошқармаси. 

Мелитополда портлашдан сўнг дарҳол пала-партиш ҳаракатлар бошланган - шаҳарнинг Россия «ҳокимияти» вакиллари воқеа жойига сиреналар ёқилган ҳолда етиб келди, дея хабар беради Украина разведкаси. «Бироз вақт ўтгач, улар штаб яқинида ёниб кетган машинани босиб олинган шаҳар орқали ўз участкасига судраб олиб кетди», - дейилади хабарда. 

Россия томони бу ҳодисага ҳозирча изоҳ бермади. 

Top