13:20 / 27.11.2023
4730

Тихановская Лукашенкога қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

Беларусни қўллаб-қувватлаш - «Европада тинчлик ва хавфсизликка сармоя», деди Светлана Тихановская Карлсруэдаги немис «яшиллари» қурултойида.

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Беларусда фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва сиёсий маҳбуслар ҳали ҳам ёрдамга муҳтож, деди Беларус мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская 25 ноябр куни Карлсруэда «Иттифоқ-90»/«яшиллар» партияси қурултойида сўзлаган нутқида. Шу билан бирга, у Ғарбни «Беларусни кун тартибидан олиб ташламасликка» ва Беларус раҳбари Александр Лукашенкога қарши санкцияларни кенгайтиришга чақирди.

«Беларуслар бизнинг келажагимиз Европада ва Европа эшиклари биз учун очиқ эканлигини сиздан эшитишни истайди», - дея таъкидлади Тихановская йиғилганларга мурожаат қилиб. «Беларус озод бўлмагунча, Европа ҳеч қачон хавфсиз бўлмайди. Шу тариқа, сиз Европанинг келажагини қўллаб-қувватлайсиз. Бу хайрия эмас. Бу Европада тинчлик ва хавфсизликка сармоядир».

«Беларусни Россия чангалидан тортиб олишга ва Европага олиб чиқишга ёрдам беринг. Европа келажаги биз учун имконият эмас, заруратдир. Агар Беларус мустақил давлат бўлиб қолмоқчи бўлса, Европа Иттифоқига қўшилиш бунга эришишнинг ягона йўли», - дея қўшимча қилди Тихановская. 

Тихановская Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида

Украинадаги уруш ҳақида гапирар экан, сиёсатчи ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган бу давлатга кўрсатилаётган ёрдам Беларус манфаатларига жавоб беришини таъкидлади. «Кўплаб беларуслар Украина озодлиги учун курашмоқда. Уларнинг кўпи бу курашда ўз жонини берди. Чунки бу бировнинг кураши эмаслигини тушунамиз - бу бизнинг озодлик учун умумий курашимиз», - дея таъкидлади Тихановская.

Немис «яшиллари» 2024 йилги Европа парламенти сайловларига боришни режалаштирган дастур лойиҳасида партия Беларусда демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган «жасур одамлар» билан бирдам экани айтилади. «Биз бирдамлик кўрсатишда давом этамиз ҳамда Беларус фуқаролик жамияти ва мухолифатини қўллаб-қувватлаш, барча сиёсий маҳбусларни озод этиш, Беларус режимига қарши санкциялар, мамлакатда эркин ва адолатли сайловлар ўтказилишини фаол ҳимоя қиламиз», — дея AFP агентлиги ушбу ҳужжатдан иқтибос келтиради.

«Яшиллар» сайловолди дастурига кўра, Александр Лукашенко Беларусдаги сиёсати, шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузини қўллаб-қувватлагани муносабати билан «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва уруш жиноятлари»да айбдор. Бошқа нарсалар қатори, партия Европа Иттифоқи юқоридаги жиноятлар содир этилганлиги тўғрисидаги далилларни тўплаш ва сақлашда фаол ёрдам кўрсатишини ёқлайди. 

Тихановскаянинг Германияга ташрифи натижалари

Ташриф давомида Светлана Тихановская Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек ва Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан музокаралар олиб борди.

Шу билан бирга, Беларус мухолифати етакчиси Ҳабекка Беларус ҳукумати санкцияларни қандай четлаб ўтаётгани ҳақидаги ҳужжатлар ва бу муаммони ҳал қилиш бўйича таклифларни топширди. Шунингдек, у «яшил» технологиялар соҳасида беларуслик мутахассислар ишини қўллаб-қувватлашга чақирди. 

Светлана Тихановская Бербок билан Германияда туғилган беларуслик болаларни қонунийлаштириш масаласини муҳокама қилди. Ўз навбатида, Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ГФРда бўлиб турган беларуслар учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича кўрсатмалар Германия давлат идораларига юборилганини айтди.

Top