20:53 / 05.12.2023
41219

Тошкентда Бузрук Бузруков қўлга олинди

Тошкентда жиноят содир этганликда гумонланиб Бузрук Бузруков қўлга олинди. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, «Долзарб қирқ кунлик» доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида яна бир неча шахслар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. 

Шулар жумласидан, 1985 йилда туғилган Бузруков Бузрук Акмалович қўлга олинган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

У Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми билан айбланмоқда (Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш).

«Ҳурматли фуқаролар агар сиз ушбу шахсдан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71−206−45−69, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99−370−73−94 Telegram рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади ИИББ хабарида.

«Бузрук» лақабли ушбу шахснинг инстаграмдаги саҳифасида 130 мингдан ортиқ ўқувчи бўлиб, у саҳифасида ҳашаматли ҳаётидан лавҳаларни жойлаб боради.

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этаётгани таъкидланмоқда.

  • 2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилгани қайд этилган.
  • Кўп ўтмай Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олингани маълум бўлди. У атрофига жисмонан бақувват шахсларни тўплаб, қарздорлик ва бошқа муаммоларни қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш билан шуғулланган. 
  • Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевни қўлга олган. Бундан ташқари, ўта йирик миқдордаги товламачиликда гумон қилинган яна икки шахс қўлга олинди. Уларнинг барчаси 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мавзу
Жиноятчиликка қарши тадбирлар
2023 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистонда, расмийлар таърифига кўра, “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” бошланди.
Барчаси
Top