22:31 / 11.12.2023
5818

Полша Сейми Матеуш Моравецкий ҳукуматига ишончсизлик вотумини эълон қилди

Энди Доналд Туск янги бош вазир бўлиши ва ҳукуматни шакллантириши кутилмоқда. 

Фото: Reuters

Полша Сейми (парламентнинг қуйи палатаси) депутатлари бош вазир Матеуш Моравецкий ҳукуматига ишончсизлик вотумини эълон қилди. RMF24 хабарига кўра, овоз бериш жараёнида Моравецкийни 190 депутат қўллаб-қувватлаган, 266 нафари қарши овоз берган, бетарафлар йўқ. 

Энди Полшанинг мухолифат коалицияси Доналд Тускни бош вазир лавозимига номзод сифатида кўрсатади. Парламент сайловлари якунига кўра, мухолифат парламентдаги кўпчилик ўринларни қўлга киритган. 

15 октябр куни бўлиб ўтган сайловларда ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси 35,38 фоиз овоз олиб, парламентдаги кўпчиликни бой берди. Иккинчи ўринни Доналд Туск бошчилигидаги мухолифатдаги «Фуқаролик платформаси» 30,7 фоиз, учинчи ўринни ўнг марказчи «Учинчи йўл» партияси (14,4 фоиз), тўртинчи ўринни «Янги сўллар» (8,61 фоиз) эгаллаган эди. Шундан сўнг, «Фуқаролик платформаси», «Учинчи йўл» ва «Янги сўллар» коалиция тузиб, «Қонун ва адолат»ни устунликдан маҳрум қилди. 

Президент Анжей Дуда овоз бериш натижалари эълон қилингач, биринчи бўлиб Матеуш Моравецкий ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлишини маълум қилди. 27 ноябр куни у қасамёд қилган эди.

Top