20:02 / 12.12.2023
42327

Салим Абдувалиевга нисбатан жиноят ишида айблов қайта кўриб чиқилган

“Салимбой” номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиев ноқонуний тарзда қурол сақлашда айбланиб, унга нисбатан суд ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларидан маълум бўлишича, айни пайтда унга қўйилган айблов оғирроғига алмаштирилган.

Фото: Kun.uz

“Ушбу шахс ўзида ноқонуний равишда қуроллар сақлаб келаётгани тўғрисида маълумот олинган эди. Шунга асосан тезкор фаолиятни амалга ошириб, шу жиноят иши доирасида тинтув ўтказиб, уйида ҳақиқатан ҳам ноқонуний равишда қурол сақланиб келинаётганини аниқлаб, терговга тегишли равишда ҳужжатларни тақдим этдик.

Ҳозир дастлабки тергов олиб борилмоқда. Жиноят кодексининг 248-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва уларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқ танланган”, – деди Тошхўжаев 12 декабр кунги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан.

Пойтахт ИИББ Абдувалиев ҳибсга олингани ҳақида ўтган ҳафта хабар берган, ўшанда у Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан гумонланаётгани маълум қилинган эди. Айблов бу модданинг 2-қисмига ўзгартирилганидан келиб чиқилса, тергов органи бу ҳолатда ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш жинояти такрорий равишда ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган, деб ҳисоблаяпти.

248-модданинг 2-қисми учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Шу билан бирга, кодексга биноан, қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

73 ёшли Салим Абдувалиев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ҳисобланади. У спорт тадбирларига ҳомийлик фаолияти учун 2015 йилда “Дўстлик” ордени, 2021 йилда эса “Хизмат кўрсатган спорт мураббийи” унвони билан тақдирланган.

Мавзу
Жиноятчиликка қарши тадбирлар
2023 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистонда, расмийлар таърифига кўра, “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” бошланди.
Барчаси
Top