Ўзбекистон | 15:05 / 15.12.2023
6167
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мисрдаги халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди

Жорий йил 4-7 декабр кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги делегацияси Қоҳира шаҳрида ташкил этилган учинчи EDEX-2023 халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, тадбир доирасида мамлакат делегацияси Миср ҳарбий ишлаб чиқариш давлат вазири Муҳаммад Салоҳиддин томонидан қабул қилинди. Музокаралар давомида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мудофаа саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Миср томони Ўзбекистондан баъзи турдаги маҳсулотлар импортига қизиқиш билдирди ва алоқаларни жадаллаштиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

EDEX-2023 халқаро мудофаа кўргазмаси давомида павилонларда маҳаллий ва хорижий ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи вакиллар билан манфаатли музокаралар олиб борилди.

Ушбу кўргазма мудофаа соҳасида Африка ва Яқин Шарқда энг йириги ҳисобланиб, ҳар икки йилда Миср президенти раҳнамолигида ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда ўз маҳсулотлари билан 46 та давлатдан 400 га яқин ишлаб чиқарувчилар иштирок этди, шунингдек, 50 дан ортиқ мамлакатдан расмий делегациялар қабул қилинди. 

Мавзуга оид