Жаҳон | 10:39 / 23.12.2023
5687
3 дақиқада ўқилади

Россия МСК Дунцова гуруҳини рўйхатга олиш бўйича йиғилишни қолдирди

Ташаббус гуруҳи Россия президенти сайловларида Екатерина Дунцованинг номзодини қўллаб-қувватлади. Ржевлик журналист Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди, бироқ мажлис қолдирилди.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP Photo/picture alliance

Россия Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловларида ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг номзодини қўллаб-қувватлаган ташаббус гуруҳини рўйхатга олиш бўйича йиғилишни қолдирди. Бу ҳақда 22 декабр, жума куни Дунцованинг ўзи маълум қилди.

«Кеча мен 22 декабр куни соат 15:00 га расмий таклиф олдим, лекин бугун сайлов комиссияси сайтида бу масала 23 декабр куни соат 12:00 да кун тартибига қўйилган. Агар рад этилса, такрорий йиғилишни ўтказишга улгурмай қоламиз», - дейди у. 

Бундан ташқари, Дунцова МСК веб-сайтида ўз ташаббус гуруҳи ва президент Владимир Путин гуруҳини рўйхатдан ўтказиш бўйича турли формулаларга эътибор қаратди. Журналистлар гуруҳи бўйича бу - «аризани кўриб чиқиш тўғрисида», амалдаги давлат раҳбарида эса - «сайловчилар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида».

Адлия вазирлигининг режадан ташқари текшируви

Бир кун аввал Дунцова Россия ҳукумати 20 декабр куни МСКга тақдим этилган номзодлик ҳужжатларини обрўсизлантиришга уринишидан хавотир билдирди. Аёлнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ходимлари 21 декабр куни режадан ташқари текшириш билан келган, улар 17 декабр куни бўлиб ўтган йиғилиш баённомаси билан қизиққан. Путин ташаббус гуруҳи йиғилиши баённомасини тасдиқлаган нотариусни текширишга ҳеч ким келмаган, дея таъкидлади журналист.

Красноярсклик Екатерина Дунцова - журналист ва кўнгилли қидирув-қутқарув гуруҳининг координатори, Ржев шаҳар думаси депутати бўлиб ишлаган. У 16 ноябр куни президентликка номзодини қўйиш ниятини маълум қилди ва бу қарорини «сўнгги ўн йил давомида мамлакат нотўғри йўналишда: тараққиёт йўлида эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилиш йўлида кетаётгани» билан изоҳлади. Дунцова урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори.  

Уч кунлик президентлик сайловлари

Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам номзод сифатида қатнашмоқда. 

Россия Либерал-демократик партияси ўз раҳбари Леонид Слуцкийни олий лавозимга номзод қилиб кўрсатди, Россия Федерацияси Коммунистик партияси эса коммунистлар орасидан президентликка Николай Харитонов номзодини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, Давлат думасининг собиқ депутати Борис Надеждин ва Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг собиқ ҳарбий раҳбари Игор Стрелков (Гиркин) сайловларда қатнашиш ниятини маълум қилган.

Мавзуга оид