10:50 / 10.01.2024
3103

NASA астронавтларни Ойга қўндиришни 2026 йилгача кечиктирди

Америка космик агентлиги раҳбари хавфсизлик нуқтайи назаридан Artemis 3 миссиясига тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт керак деб ҳисоблаяпти. Худди шу нарса Artemis 2 миссиясига ҳам тегишли.

Фото: NASA

Хавфсизлик нуқтайи назаридан Американинг NASA космик агентлиги астронавтларнинг Ойга қўниши режалаштирилган вақтни бир йилга — 2026 йилгача қолдирди. Бу ҳақда NASA раҳбари Билл Нелсон 9 январ, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. У Artemis 3 миссиясига тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт кераклигини билдирди. «Хавфсизлик - бизнинг устувор вазифамиз», деди у. 

NASA маълумотларига кўра, 1972 йилдан буён Ойга қўнадиган биринчи астронавт миллиардер бизнесмен Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси шаттлидан фойдаланади. Нелсоннинг айтишича, Artemis 3 миссияси 2026 йилнинг сентябр ойида амалга оширилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Artemis 2 тайёргарлик миссияси ҳам бир йилга - 2025 йил сентябригача кечиктирилади. Artemis 2’да астронавтлар Ер йўлдошига қўнмасдан Orion капсуласида Ойга орбитал парвозни амалга ошириши керак бўлади. 

Биринчи тайёргарлик миссияси, Artemis 1, 2022 йил охирида бир неча кечикишлардан кейин амалга оширилди. Ўшанда учувчисиз Orion капсуласи Ой орбитасига чиқди. Бироқ, ушбу Ой миссияси давомида техник носозликлар, жумладан, капсула атрофидаги иссиқлик қалқони билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. 

Яна бир Ойга миссия қўниш модули двигателида муаммоларга дуч келди

8 январ куни маҳаллий вақт билан соат 02:18 (Тошкент вақти билан 12:18) да Флорида штатидаги Канаверал бурни учириш майдончасидан бортида Peregrine Ойга қўниш модули бўлган United Launch Alliance (ULA) компаниясининг Vulcan Centaur янги ракета-ташувчиси учирилди. Бироқ, модулда кейинчалик двигател билан боғлиқ муаммолар келиб чиқди, деб хабар қилди Astrobotic Technologies ишлаб чиқарувчи-компания. 

Учирилганидан 48 дақиқа ўтгач, қўниш модули ракетадан муваффақиятли ажралиб чиқди, аммо кейинчалик миссияни бошқариш маркази «аномалия» ни пайқаб қолди, бунинг натижасида қурилма Қуёшга тўғри позицияни эгалламади ва аккумуляторни қувватлантира олмади. Двигател тизимидаги муаммолар Ойга юмшоқ қўнишга тўсқинлик қилиши мумкин. 

Натижада, «импровизацион манёвр» ёрдамида мутахассислар қўниш модулини аккумуляторни қувватлантириш учун керакли томонга буришга муваффақ бўлди. Бироқ двигател тизими носозлиги ёнилғининг жиддий йўқотилишига олиб келди, дея хабар қилди компания. 

Top