23:10 / 18.01.2024
15008

Хитойда Осиёдаги энг йирик литий кони топилди 

Унда миллион тоннага яқин литий борлиги таъкидланмоқда. Бу элементдан батареялар, қуёш панеллари ва электромобилларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. 

Фото: Getty Images

Хитой жануби-ғарбидаги Сичуан провинцияси Яжианг шаҳрида миллион тоннага яқин литий рудалари топилди. Бу конни пегматит типидаги мономер литий рудаларининг Осиёдаги энг йирик манбасига айлантирди, деб хабар берди Синхуа агентлиги Хитой табиий ресурслар вазирлиги баёнотига таяниб. 

Литий батареялар, қуёш панеллари ва электромобилларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий манбалардан биридир. Хитой, ўз навбатида, литийни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу мамлакат глобал литий ишлаб чиқаришнинг қарийб 60 фоиз улушига эга. 

2023 йил июл ойида Халқаро энергия агентлиги электромобиллар, шамол турбиналари, қуёш панеллари ва бошқа экологик тоза технологияларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган металлар ва минераллар бозори сўнгги беш йил ичида икки баравар кўпайганини хабар қилди. Шу билан бирга, литийга бўлган талаб уч баробар ошди. 

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Хитой инновацион энергетика ва транспорт, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, ҳарбий саноат ва бошқалар учун зарур бўлган нодир ер элементларини қазиб олишга инвестициялар бўйича Ғарб давлатларидан аллақачон сезиларли даражада олдинда. Июл ойида Американинг Goldman Sachs инвестиция банки Ғарб давлатлари бу борада Хитойга етиб олиш учун соҳага камида 25 миллиард доллар сармоя киритиши кераклигини маълум қилган эди.

Top