Жаҳон | 15:48 / 18.01.2024
3684
2 дақиқада ўқилади

Евроҳудудда инфляция ошди, базавий кўрсаткич пасаймоқда

Ноябр ойидаги 2,4 фоизлик кўрсаткичдан сўнг, декабр ойида истеъмол нархлари 2022 йилнинг охирги ойига нисбатан 2,9 фоизга юқори бўлди. Асосий инфляция даражаси 3,6 фоиздан 3,4 фоизга камайди.

Фото: Grazvydas Januska/Zoonar/picture alliance

2023 йил охирида евроҳудудда узоқ вақтдан бери биринчи марта инфляция яна кўтарилди. Евро мамлакатларида истеъмол нархлари декабр ойида 2022 йилнинг шу ойига нисбатан ўртача 2,9 фоизга юқори бўлди, дея маълум қилди Евростат статистика идораси 17 январ, чоршанба куни аввал эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китобни тасдиқлаган ҳолда.

Ноябр ойида бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил этди, бу 2021 йил июлидан бери энг паст кўрсаткичдир. Бундан ташқари, ноябрда инфляция даражаси кетма-кет еттинчи марта пасайган. Йил охирида унинг ошишига 2022 йил декабр ойида Германияда вақтинчалик давлат субсидиялари ҳисобига истеъмол гази нархлари сезиларли даражада пасайишининг статистик таъсири сабаб бўлди.

Базавий инфляция 3,6 фоиздан 3,4 фоизга тушди

Шу билан бирга, энергия, озиқ-овқат учун ўзгарувчан нархларни ҳисобга олмаганда, базавий инфляция ноябр ойидаги 3,6 фоиздан декабрда 3,4 фоизга тушди. Бу кўрсаткич Европа марказий банки учун катта аҳамиятга эга, чунки у инфляция асосий тенденциялари кўрсаткичидир.

Европа марказий банки раҳбари Кристин Лагард сўзларига кўра, инфляциянинг бу даражаси ҳозирги вазият учун идеалдир. «Биз тўғри йўлдамиз ва 2 фоизга қараб кетяпмиз», деди у Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Bloomberg TV эфирида. Европа марказий банки ўрта муддатли инфляцияни 2,0 фоизга кўтарди.

Декабр ойида евроҳудудда энергия ташувчилар нархи ўртача 6,7 фоизга пасайган. Хизматлар қиймати 2022 йил декабрига нисбатан 4,0 фоизга, қайта ишланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари эса 6,8 фоизга ошди. 

Мавзуга оид