09:10 / 19.01.2024
2086

Новосибирскда коммунал муаммолар бўйича митинг ўтказиш тақиқланди

Новосибирск мэриясининг фикрича, уй-жой коммунал хўжалиги муаммолари бўйича митинг «фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ва жамоат хавфсизлигига, шу жумладан конституциявий тузум асосларига таҳдид солиши мумкин».

Фото: РИА Новости

Новосибирск мэрияси ушбу шаҳарда уй-жой коммунал хўжалиги муаммоларига бағишланган митинг ўтказишга рухсат бермади. Бу ҳақда 18 январ, пайшанба куни «Красный поворот» Telegram-канали маълум қилиб, хабарга Новосибирск мэри ўринбосари Геннадий Захаровнинг ариза рад этилгани ҳақидаги хати фотонусхасини илова қилди. Митинг 20 январга режалаштирилган эди. Новосибирск маъмурияти уни тасдиқламаслик тўғрисидаги қарорни «фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигига, шу жумладан конституциявий тузум асосларига таҳдид солиши» билан асослади.

Новосибирскдаги «Красный поворот» коммунистик ҳаракатлар уюшмаси вакиллари митингни ташкил этмоқчи эди. Худди шу номдаги Telegram-каналда постдан маълум бўлишича, ариза 14 январ куни соддалаштирилган тартибда (онлайн) топширилган. Тадбир шаҳардаги «гайд-парклар»дан бирида, яъни оммавий тадбирларни мэрия рухсатисиз ўтказиш мумкин бўлган ерларда бўлиб ўтиши керак эди.

«Бу рад этиш, албатта, ноқонуний ва сиёсий сабабларга кўра амалга оширилди», - дейди Telegram-канал муаллифлари. Акция ташкилотчилари яна бир ариза берди - 27 январ кунига.

Новосибирскда авариялар натижасида иссиқлик таъминотидаги узилишлар

Январ ойи бошида Новосибирскнинг чап қирғоғида иситиш тизимидаги авария натижасида бир неча юзлаб уйлар иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолди. «Сибирский экспресс» Telegram-канали маълумотларига кўра, шаҳарнинг Ленин туманида магистрал иссиқлик тармоғида авария содир бўлган, натижада турар жой бинолари ва бошқа биноларда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти узилиб қолган, кўчалар сув остида қолган. Ўша пайтда Новосибирскда ҳаво ҳарорати кундузи тахминан -15 даража эди, кечаси эса -20 дан пастга тушди.

17 январ куни тушдан кейин Новосибирскнинг Петропавловская кўчасида қувур ёрилиб кетди.

Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда осмонга кўтарилаётган зич буғ устунлари ва буғга ботган кўчалар акс этган суратларни жойлаштирди.

18 январь куни эрталаб Сибир ишлаб чиқариш компаниясининг Telegram'даги хабарига кўра, ушбу авария натижасида 2000 га яқин уй иссиқликсиз қолган.

Сўнгги ҳафталарда Россиянинг бир қанча вилоятларида иссиқлик трассаларида авариялар содир бўлди. Январ ойи бошида Москва вилоятидаги иссиқлик трассасида содир бўлган авария энг катта резонансга сабаб бўлди, бунинг натижасида Подолскда 20 мингга яқин одам иссиқликсиз қолди.

Top