Жаҳон | 14:44 / 23.01.2024
4471
3 дақиқада ўқилади

Боррел: Бизнинг вазифамиз - Украинанинг Россияга қарши урушдаги ғалабаси

Жозеп Боррел феврал ойининг биринчи ярмида Украинага ташриф буюради. Европа Иттифоқи Россия Федерациясининг музлатилган активларидан олинган фойдани Киевга ўтказиш ва Украинага ҳарбий ёрдам фондини яратиш устида ишлашда давом этмоқда.

Фото: Reuters

Украина Европа Иттифоқи учун устувор масала бўлиб қолмоқда, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 22 январ, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши якунида. «Украинадаги уруш - Европа учун экзистенциал таҳдид ва биз Украинага ёрдам беришга тайёрмиз, - деди Боррел. Мақсад - Украина бу урушда ғалаба қозониши. Бу бизнинг вазифамиз». Шунингдек, у феврал ойининг биринчи ёки иккинчи ҳафтасида Киевга ташриф буюришини айтди.

Бундан ташқари, Жозеп Боррел Евроиттифоқ давлатлари Россиянинг ЕИ ҳудудида музлатилган активларидан олинган фойдадан фойдаланиш бўйича сиёсий келишувга эришганини айтди. «Ишончим комилки, бу иш яқин орада якунланади. Муҳокамалар элчилар даражасида давом этади, бироқ мен келишув яқинлашаётганини кўряпман», - деди Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари ва бу қарор аввалроқ қабул қилиниши кераклигини таъкидлади. Гап Европа комиссиясининг Россия музлатилган активларидан ортиқча фойдани ҳисобга олиш ва ЕИ ушбу маблағларни Киевга ўтказишга тайёр бўлгунга қадар уларни сақлаш бўйича таклифи ҳақида бормоқда, бунинг учун алоҳида механизм ишлаб чиқилиши керак.

Брюссел Украинага ҳарбий ёрдам фонди яратмоқчи

Бундан ташқари, Боррел Европа Иттифоқи мамлакатларига Украинага ҳарбий ёрдам фонди ташкил этиш таклифи билан норасмий ҳужжат тақдим этганини айтди. У Европа Иттифоқи Украинага ёрдам фондини яратиш учун Европа тинчлик жамғармасини 5 миллиард еврога тўлдириш бўйича келишувга эришишига умид билдирди. Бу таклиф ҳақида норасмий ҳужжат ихтиёрига келиб тушгани The Wall Street Journal аввалроқ ёзган эди.

«Вазирлар ҳозир Украинани қўллаб-қувватлашни сусайтирадиган вақт эмас, аксинча, кўпроқ ва тезроқ қилиш керак, деган фикрга келди», - деди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари. Унинг сўзларига кўра, бу Киевга керак бўлган ҳар қандай ёрдам бўлиши керак, хоҳ молиявий манбалар, хоҳ ҳарбий техника, хоҳ аскарларни тайёрлаш йўналишида. «Биз ёрдамни олдиндан тахмин қила олиш имкони бўлиши учун ишлашда давом этамиз», деди Боррел.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ташқи ишлар кенгаши йиғилишида видео-алоқа орқали иштирок этди ва ҳамкасбларига ўз мамлакатидаги сўнгги воқеалар ҳақида маълумот берди.

Мавзуга оид