07:30 / 25.01.2024
12875

Хитойни Ўзбекистон билан боғлайдиган янги савдо йўли очилди

Янги савдо йўли Ўзбекистонни Хитойнинг шарқий қисмида жойлашган Синдао шаҳри билан боғлайди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Хитой шарқий қисмини Марказий Осиё билан боғлайдиган янги йўналиш очилди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, вазирлик ҳамда Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси томонидан Хитойнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда янги йўналишда юк ташувларини амалга ошириш бошланди.

Мазкур янги савдо йўли Ўзбекистонни Хитойнинг шарқий қисмида жойлашган Синдао шаҳри билан боғлаб, юк ташувларини тез, тежамкор ва хавфсиз амалга ошириш имконини бермоқда.

Ўзбекистонлик миллий ташувчилар ушбу йўналиш бўйлаб TIR Carnet китобчасини қўллаган ҳолда Қозоғистондан транзит ўтиб, Хоргос орқали Хитойнинг Сариқ денгиз қирғоқларида жойлашган Синдао шаҳрига ва у ердан ортга юк ташувларини муваффақиятли амалга оширмоқда.

Ушбу янги савдо йўлаги орқали юклар автомобил транспортида “эшикдан эшиккача” тамойили асосида қисқа вақтда ўз эгаларига етказиб берилишини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳайдовчиларнинг виза олиш, ташувларни амалга ошириш учун халқаро рухсатнома бланкалари билан таъминлаш, хорижий давлатлар божхона назоратидан ўтиш жараёнида вужудга келаётган масалаларни қисқа фурсатларда ҳал қилишда корхоналарга амалий кўмак кўрсатмоқда.

Top