Иқтисодиёт | 23:09 / 29.01.2024
50799
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ўртача маошлар маълум қилинди

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 551 минг сўмни ташкил этди. Энг кўп ойлик олувчилар – молия ва суғурта соҳаси ходимлари бўлиб, улар ўртача 13,3 млн сўм ойлик оляпти. Тиббиёт ва таълимдаги ойликлар энг паст даражада қолмоқда.

Фото: Kun.uz

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 551 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 17,2 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Маълумот учун, ҳисоботни тузишда мудофаа, ички ишлар, божхона, ДХХ, прокуратура ва суд тизимларидаги маошлар, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларида ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчиларнинг маошлари киритилмаган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (7 млн 453 минг), Навоий (5 млн 887 минг) ва Тошкент вилоятида (4 млн 526 минг) қайд этилган.

Энг кам маошлар эса Наманган (3 млн 310 минг), Қашқадарё(3 млн 367 минг) ва Сурхондарё (3 млн 379 минг) вилоятларида қайд этилган.

Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда – Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.

2023 йилнинг январ-декабр ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона вилоятида (19,1 фоиз), Тошкент шаҳрида (18,7 фоиз) ва Жиззах (18,1 фоиз), Хоразм (18 фоиз) ҳамда Самарқанд вилоятларида (17,8 ) қайд этилган.

Маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар кесимидаги фарқланиш кучайиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги (Тошкент/Сурхондарё) ўртача иш ҳақидаги фарқ 2 баробар, 2022 йилда 2,18 баробар (Тошкент/Фарғона) бўлган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 2,25 баробарга етган.

2023 йилда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 101 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган. Шундан 37,7 фоизи таълим, 18,3 фоизи саноат, 16,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ҳиссасига тўғри келган.

2023 йил якунлари бўйича соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:

·       молия ва суғурта фаолиятида – 13,3 миллион сўм;

·       ахборот ва алоқа соҳасида –10,6 млн сўм;

·       ташиш ва сақлаш соҳасида – 6,9 млн сўм;

·       саноат соҳасида – 5,6 млн сўм;

·       қурилиш соҳасида – 5,2 млн сўм;

·       савдо соҳасида – 4,9 млн сўм;

·       яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 3,9 млн сўм;

·       санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 3,7 млн сўм;

·       таълим соҳасида – 3,1 млн сўм;

·       соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3 млн сўм.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбати 2020 йилда – 74,1 фоизни, 2021 йилда – 71,8 фоизни, 2022 йилда – 69,2 фоизни, 2023 йилда – 68,6 фоизни ташкил қилган. Яъни таълим соҳасида иш ҳақи миқдорининг ошиши бошқа соҳаларга нисбатан секин кечмоқда, бу эса ушбу тармоқда меҳнат қилаётганларнинг йилдан йилга бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб боришига олиб келмоқда.

Агар индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг тармоқлар кесимидаги тенгсизлигини янада аниқроқ кўриш мумкин. Хусусан, 2019-2023 йиллар оралиғида молия ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,77 баробарга ( 4,8 млн сўмдан 13,8 млн сўмга), ахборот ва алоқа соҳасида 2,67 баробарга (3,9 млн сўмдан 10,6 млн сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 95 фоизни(1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга), таълим соҳасида 69 фоизни(1,8 млн сўмдан 3,1 млн сўмга) ташкил этган.

Мавзуга оид