Жамият | 14:49 / 29.01.2024
43937
5 дақиқада ўқилади

Зиқна сенатор курсдош, сочини калга олдиришга мажбур бўлган 10 нафар талаба – «Талаба кундалиги»

Пўчоқ ниқоби остида олиб кетилган талабалар ризқи, музқаймоқ олиб беришдан қочадиган қурумсоқ курсдош ва 10 талаба нега сочини калга олдиришга маҳбур бўлгани ҳақидаги ҳикояларни “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида ўқишингиз мумкин.

Фото: Kun.uz

Сиз ҳам коллеж, университетдаги даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирган бўлсангиз, ҳикояларингизни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

1-ҳикоя. Яширинча ташиб кетилган ризқ

Ўша куни овқат пулини тезроқ тўлаш ҳақидаги танбеҳни эшитиб, домланинг хонасидан чиқдим. Нима эмиш, гурухда факат Пирмаматов тўлов қилмаган, шунинг учун мажлисда директор ҳамманинг олдида домлани изза қилган экан. Ўзи берадиган овқатлари перловка билан карам салат эди-ю, шу учун 179 минг сўм тўлардик. Термиз олимпия захиралари коллежини 2019 йилда тугатганман ва ўша пайтда бу пулнинг қиймати ҳозиргидан баланд эди. Ёлғон бўлмасин, ростини ҳам айтай: коллежга текширув келгандагина талабалар палов, нўхат шўрва, ёки бифштекс, яна қўшимчасига банан, шоколад билан эъзозланишарди. Қолган вақт фақат перловка ва карам салат беришарди.

Бир куни жуда қизиқ воқеа бўлди. Овқат олиш учун навбатда тургандик, ёнимиздан 2 ходим қўлида пўчоқ солинадиган катта бидоннинг 2 қулоғидан кўтарганча ўтиб кетди. Идиш шунчалар кир эдики, унга пўчоқ солиб молга беришга ҳам одам хижолат бўларди. Шу пайт бояги ходимлардан бирининг оёғи сирпаниб, бидон қўлидан чиқиб, ичидаги нарсалар сочилиб кетди. Бидон ичида пўчоқлар бор деб ўйлаётган бўлсангиз керак, биз ҳам шуни кутгандик. Лекин не кўз билан кўрайликки, ерда қайнатилган тухум, помидор бодринг ва яна бир қанча сара маҳсулотлар ерга сочилиб ётарди. Талабалар ҳаммамиз нима бўлганини тушунмай қолдик, чунки ердаги нарсаларнинг бари тоза, бузилмаган маҳсулотлар эди. Э, бу қанақаси бўлди, ҳар куни пўчоқ ниқоби остида талабалар ризқи ўғирлаб кетилаётганди-ю, биз билмай юрганмидик ёки қўй-сигирлар тухум-у, помидор, бодринг еб юрганмиди?

2-ҳикоя. Зиқна сенатор курсдош

Гуруҳимизда бир зиқна ва пул деса жони чиқадиган курсдошимиз бор эди. Ҳозир Олий Мажлисда сенатор. Талаба йигитлар стипендия олган куни “эриб”, қизларга музқаймоқ олиб беришарди. Лекин ўша зиқна курсдошимизни “эритишнинг” ҳеч иложи йўқ эди. Бир куни 2 қиз курсдошимиз бояги зиқнани икки томондан судрашаётгани устидан чиқиб қолдим. Мен ҳайрон бўлиб турибман, курсдош қизлар бўлса бақир-чақир қилиб, барибир музқаймоқ олиб берасан, деб курсдошимизни зинадан пастга туширишга, ташқарига олиб чиқишга ҳаракат қилишаётганди. Шунда зиқна курсдошимиз бир нафас тўхтади-да, гапиришга уринди.

“Майли, олиб бераман. Эй Худо, илоҳим дўконда фақат стаканли музқаймоқ қолган бўлсин-да”, деса бўладими. Бу ҳолатни кузатиб турган атрофдагилар бақириб кулиб юборишди, нариги 2 қиз ҳам тақдирга тан бериб, уни қўйиб юборди. Чунки стаканли музқаймоқ энг арзони бўлиб, уни деярли ҳеч ким олмасди, қизларга ҳам олиб бериладиган музқаймоқ эмас эди-да.

3-ҳикоя. “Каллар жамоаси”нинг ғалабаси

Талабалик даврларим жуда қизиқарли ўтган. 2-курс эдик. Маъруза машғулотларида кўпинча 3 та гуруҳ бирга қатнашар эди. Бир фан ўқитувчимиз 3 та гуруҳ ўртасида беллашув ўтказамиз деб огоҳлантирди ва тайёргарлик кўришимиз кераклигини айтди. Очиғи, биз бунга жиддий қарамадик.

Шу орада гуруҳдаги қизлар ва йигитлар ўртасида бир масалада тортишув бўлди ва ютқазган томонга сочини калга олдириш шарти қўйилди. Хуллас, гаровда ўғил болалар ютқазди. Шартда келишилганидек, улар сочини калга олдирадиган бўлди. Ўғил болаларда ғурур устунлик қилди ва шартни бажаришди. Эртаси куни дарсга кал бўлиб бирин-кетин йигитлар кела бошлади. Шу воқеадан 3 кун ўтиб, ўқитувчимиз айтган беллашув тадбири бўлди. Ҳақиқий томоша ана энди бошланди. Ўқитувчи гуруҳларни бирма-бир чақирди. Шунда залга бир хил кийимда 10 нафар кал бола ҳам кириб келди. Буни кўрган бутун зални қаҳқаҳалар тутди, кулмаган одам қолмади. Ўша тадбирда “каллар жамоаси” 2-ўринни эгаллагандик.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

Мавзуга оид