Жамият | 14:36 / 17.03.2024
22356
6 дақиқада ўқилади

Эркин оғанинг мўйлови, чекишга мажбурланиб, чекишни ташлаган талабалар – “Талаба кундалиги”

Чекишини яширгани учун 6 қути тамаки чекишга мажбурланган, яхши кўрган мўйловини олишига тўғри келган ва “сохта” сертификати билан Yale университетида ўқиётган талабаларнинг ҳикояларини “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида ўқишингиз мумкин.

1-ҳикоя: “Сохта сертификат”ни қабул қилган Yale университети

2023 йил университетни битирдим. Ўқиш давомида баҳоларимнинг 90 фоизга яқини аъло бўлгани учун турли хил халқаро танловларда қатнашиб юрардим. Учинчи босқични тугатаётганимда номдор стипендиялардан бирига ҳужжат топширмоқчи бўлдим. Илмий раҳбарим керакли ҳужжатлар рўйхатини берди. Уларни тайёрлаб топширдим. Шу орада проректор ёнига чақириб, стипендия олишни истасам, маълум бир тўловни қилишим кераклигини айтди. Табиийки, мен рози бўлмадим. Чунки ютуқларим, муваффақиятларим бошқа номзодлар билан беллаша олишига ишонгандим.

Қолаверса, менда IELTS сертификати ҳам бор, қатнашаётганларнинг кўпида эса бу йўқ эди. Бир куни мени чақириб, тил сертификатим сохта бўлиб чиққанини айтишди. Тўғриси, жуда ҳайратга тушдим. Ахир уни неча йиллаб тайёрланиб қўлга киритганман, қандай сохта бўлсин?! Ташкилотчилар билан тортишмадим, жим кетдим. Фақат илмий раҳбаримнинг менга бўлган ишончи йўқолди, диплом ишимни ҳам жуда узоқ вақт кўриб беришни истамай, ортга суриб юрди. Шундан кейин бир нечта хорижий давлатларга магистратура учун ҳужжат топширдим. 4 та университет грант ажратадиган бўлди. Ҳеч бири менга сертификатинг сохта демади. Ҳозир ўша “сохта” сертификат билан АҚШнинг Yale университетида ўқияпман, бу ердаги расмларимдан менга ишонмаган илмий раҳбаримга ҳам орада жўнатиб тураман.

2-ҳикоя. Чекишга мажбурланган талабалар

Мен ҳарбий хизматдан кейин ўқишга 5-6 йил кечроқ кирдим ва худди мен каби ҳарбий хизматни ўтаган йигит билан курсдош бўлдим. 2-курсдан дўстим ётоқхонада назоратчи бўлди, мен эса унга унга ёрдамчи бўлдим. У пайтларда ётоқхона коридорларида камералар йўқ эди. Барча масалалар Талабалар кенгаши раислигида ҳал қилинарди. Ётоқхонада худди казармадагидек тизим йўлга қўйилганди. Тартиб жуда қаттиқ. Бир куни дарс пайти ётоқхонада назоратчи бўлган дўстим хонага шошилиб кирди-да, кимда 1 дона сигарет топилади, деб сўраб қолди. Бутун хона жимиб қолди. Лекин курсдошларимизнинг кўпи чекарди. Сигаретни дўстимдан бир домла сўраган экан. Чунки дўстим чекмасди.

Кечқурун сигарет сўралганда жим қолган болалар жами 15 киши Маънавият хонасида тўпланди. Ўртага 6 қути сигарет қўйилиб, шу чекиб тугатилмаса, хонадан чиқиш тақиқланди ва ҳатто кириш эшикларига одам қўйилди. Чекувчи болаларга бу гап ёқиб тушди. Чекиш бошланди. Хона тутунга тўлган, чекмайдиганлар кийимини ечиб, бурнини ёпиб олганди. Шунча чекилса ҳам сигаретнинг охири кўринавермагач, баъзилар 2-3 тадан чекишни бошлади. Хуллас, қутилар тугатилгач, болаларга хонадан чиқишига рухсат берилди. Эшиклар очилганда коридор бўйлаб қайт қилишга югураётган болалар кўзга ташланарди. Ўшандан кейин кўп курсдошларимиз чекмайдиган, лекин шундай бўлса ҳам ёнида бузилмаган 1 қути сигарет билан олиб юрадиган бўлганди.

3-ҳикоя. “Эркин оғангнинг мўйлови бор”

1980-1985 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг Қарши филиалида ўқиганмиз. Хоразмнинг Янгиариқ туманидан Эркинбой деган курсдошимиз бўлар эди. Биринчи босқичда ўқиб юрганимизда у мўйлов қўйган ва ҳар замонда ойнага қараб, мўйловини тараб, “Эркин оғангнинг мўйлови бор”, деб мақтаниб қўярди. Институтда бўладими, ётоқхонада бўладими, кўчада юрганимиздами шу гапини такрорлаб, менинг ҳам, бошқа курсдошларимизнинг ҳам асабимизга тегар эди. Иккинчи босқичга ўтганимизда бир неча хоразмлик қизлар институтимизга ўқишга кирди. Эркинбой хоразмлик қизларга гирдикапалак бўлиб қолди.

Вазиятдан фойдаланиб, мўйлови билан мақтанадиган Эркинбойга бир дарс бергимиз келди. Хоразмлик қизларни кўрсак, гўёки уларга эмас, биз курсдош йигитлар бир-биримизга айтгандек, “Эркин оғангнинг мўйлови бор” деб, ўтиб кетадиган бўлдик. Бу қизларнинг ғашини келтириб, Эркинбойга шикоят қилишибди. Эркинбой келиб биздан ўша гапни нима қилса айтмасликни сўради. Мўйловини олдириб ташласа, бу гапни қайта такрорламасликка сўз бердик. Бироз вақтдан кейин у мўйловини олдирди. Биз ҳам ваъдамизда турдик, хоразмлик қизларни кўрсак, энди "Эркин оғангнинг мўйлови бор”, демайдиган бўлдиг-у, лекин унинг ўрнига “Эркин оғангнинг мўйлови йўқ”, деб ўтадиган бўлдик. Эркин яна жиғибийрон бўлиб келди-да, нима қилсам, умуман майнавозчиликни бас қиласизлар, деди. Унга бизни бирор ресторанга олиб бориб, товуқ билан меҳмон қилиш шартини қўйдик. Ўша вақтда талаба учун ресторанга кириш ва айниқса товуқ ейиш жуда катта орзу эди. Эркинбой ваъдасида турди, биз 5 курсдошни ресторанга олиб кириб, меҳмон қилди. Кейин биз хоразмлик қизларни ҳам, уларнинг Эркин оғасини ҳам тинч қўйдик.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид