Жамият | 10:05 / 24.03.2024
17900
5 дақиқада ўқилади

Ўхшамаган ҳисобот, пул берган талабаларни йиқитган домла ва гулли шорти кийган бола – “Талаба кундалиги”

Ёлғон ҳисобот бериб ректор олдида қизарган иш юритувчи, пора бергани учун талабаларни курсдан-курсга қолдирган устоз ва юқори босқичда ўқийдиган болага курсдош қизни бериб қўйган талабаларнинг ҳикоялари ҳақида “Талаба кундалиги”нинг бугунни сонида ўқишингиз мумкин.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

1-ҳикоя. Гулли шорт кийган бола

Технологияга оид йўналишда ўқиганимиз учун гуруҳимизда бир дона қиз бор эди. Кўп йигитлар унга ҳавас қилишарди: бири гул тутган, бири шеър ёзган, яна у учун муштлашган эди. Шундай ўтаётган кунларнинг бирида гуруҳимиз билан икки ҳафталик амалиётга чиқдик. Табиийки, у қиз ҳам биз билан эди. Амалиётнинг биринчи куни ҳамма пўрим кийинган, галстуклар тақилган, сочлар тескарисига таралган, сепилган атирларнинг ҳиди димоғга уради.

Хуллас, амалиёт тугади, ҳамма уйига кетиш учун бекатда транспорт кутаётган эди. Шу пайт бир яхши машинадан гулли шорти кийган, соқоллари бетартиб ўсган бир бола тушди-да, гуруҳимиздаги ягона қизни машинасига солиб олиб кетди. Кейин билсак, йигит 4-курсда ўқиётган талаба экан. Ошиқ курсдошларимизнинг бошига чақмоқ урилгандек бўлди. Начора, ҳаёт давом этарди. Лекин бизга бир нарса аён бўлдики, гулли шорти билан ҳам кўнгил овлаш мумкин экан. Ўша куни кўпчилик катта ҳаётга илк қадам қўйди.

2-ҳикоя: Пул олмаган ёмон домла

1-босқич талабаларига ихтисослик фанидан дарс берардим. Талабалар ҳам дарсда фаол, мен ҳам уларнинг “ёниб” туришидан қувониб, ҳар гал ўзига хос тарзда амалий ва семинар дарсларини зўр завқ билан ўтиб борардим. Семестр якунланди. Деярли барчасига якуний назорат топширишга рухсат этиладиган балларини қўйиб бердим. Якуний назорат ўтди. Уларни текшириб, балларини қўяётган пайтимда бирдан хонамнинг эшиги тақиллаб қолди. Эшикдан гуруҳ сардори қўлида бир дафтар билан кириб келди ва илтимос, олинг устоз, дея қўлидаги дафтарни менга узатди. Дафтарга разм солдим, ичида нимадир бор эди. Нима бу, дедим. Устоз, оз бўлса ҳам гуруҳ талабаларига ёрдам беринг, чин кўнгилдан беряпмиз, деб бояги дафтарни столим устига қўйди. Буни ол-да, тезда тўғрилаб кел, дедим. У эса шошилиб чиқиб кетди ва 10-15 дақиқадан кейин дафтарни “семиртириб” келди. Ичида талабалар рўйхати ва баҳолар ёзилганини айтиб, дафтарни қолдирмоқчи бўлди.

Рўйхат ва баҳолар ёзилган варақни олиб, сен бу сеҳрли дафтарнинг ичидагиларни эгаларига қайтариб бер, мен шундоқ ҳам ёрдам бераман, дея гуруҳ сардорини кузатиб қўйдим. Нима қилишни билмай бошим қотди. Баҳолар ёзилган рўйхатни очиб қарадим: дарсга келган ҳам, топшириқларни топширган ҳам, дарсга ора-чора келиб, топшириқларни топширмаганлардан ҳам тенг миқдорда пул йиғилган экан. Жуда қийналдим. Нимадир қилишим керак эди. Ва ниҳоят, рўйхатдаги 17 талабанинг ҳаммасини қайта топширишга академик қарздор этиб қолдиришга қарор қилдим. Мана, 3 йилдирки, ўша талабалар қайта топшира олмай юришибди. Мен эса талабалар учун ҳамон ёмон домла сифатида ишлаб юрибман.

3-ҳикоя: Ўхшамаган ҳисобот

2011 йил Навоий шаҳрида “Умид ниҳоллари” республика мусобақаси бўлиб ўтиши керак эди. Навоий давлат педагогика институти талабалари ўйинлар учун ташкил қилинган ёзги ошхона қурилиш ишларига олиб кетилди. Биз ҳам бориб ёрдамлашдик. Иш авжида, қозонлар қўйиб чиқилган, ёзги ошхона томи ҳам ёпиб бўлинган вақтда институт ректори келиб қолди. Ишларни кўздан кечирар экан, хўжалик ишлари бўйича иш юритувчидан ҳисобот сўраб қолди. У қилинган ишларни бирма-бир кўрсатди, навбат қозонларга келди. “Томнинг усти тўғри ёпилганми, ёмғир ёғиб қолса, сув қозонларга тушмайдими, шланг билан сув сепиб текшириб кўрдингми?” деб иш юритувчидан сўради ректор.

Иш юритувчи ҳаммаси мукаммал қилингани, томдан бир томчи сув ҳам тушмаслигини айтиб, ректорни ишонтирди. Тасодифни қарангки, шу пайт жала қуйиб қолса бўладими. Сув сония ҳам ўтмай, қозонларга қуйила бошлади. Ҳаш-паш дегунча қозон сувга тўла қолди. Ректор ҳалиги одамга қараб кулиб қўйди, бошқа гап айтмади. Иш юритувчи эса қизариб, бўзариб кетди.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

Мавзуга оид