18:04 / 30.01.2024
25141

Kun.uz'нинг Японияга сафари. Илк таассуротлар

Kun.uz ижодий жамоаси 2023 йил охирида Японияга сафар қилиб, кунчиқар юртнинг турли ҳаётий жабҳалари ҳақида бирқанча кўрсатувлар тайёрлади. Эътиборингизга лойиҳанинг кириш қисмини тақдим этамиз. Унда журналист Шокир Шарипов сафар давомида Япония ҳақида олган асосий таассуротлари билан бўлишади.

Нега кимдир ҳаётини бирмунча тартиблаб олиб, баланд даъволар қилмаса-да, ўзига обод мамлакат қуриб олган? Кимдир эса даъволари осмонни қучган-у, оддий турмушини тузатиб ололмайди? Кимлардир камтарликни шиор қилиб олиб, дунёни олдинга юрғизади. Бошқа кимлардир эса шиорларни баланд кўтарган, аммо элементар муаммоларини ҳал қилолмай, ачинарли аҳволда қолиб... юради?

Сабабини иқтисодчилар тушунтирмоқчи бўлишади, ижтимоиётчилар тушунтирмоқчи бўлишади. Аммо уларнинг тушунтиришлари биз учун етарли эмас. Биз саволларимизга жавоб топиш учун кўзимиз билан кўришимиз керак деб ҳисобладик. Kun.uz – Японияда.

Аввалига айрим иқтибосларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Такатоши Ошима, Инуяма шаҳридаги хусусий мактаб директори:

Бир сўз билан айтганда бунинг (Япония ривожининг – таҳр.) замирида таълим ётибди деб ўйлайман.

Шу билан бирга, японларда “ишлаш, меҳнат қилиш жуда яхши, жуда гўзал” деган тушунча мустаҳкам ўрнашган. Шу учун ҳам японлар ишлашни яхши кўради, севади деса ҳам бўлади. Шунинг учун япон бой бўлса ҳам тўхтовсиз ишлайверади. Бу миллатнинг шу ҳислати ривож учун хизмат қилган. Японияда сиз ўта бой бўлсангиз ҳам меҳнат қилиш, бирор иш билан шуғлланиш – гўзалдир, яхшидир деган қараш қадимдан мавжуд бўлиб келган. Шунинг учун ҳам ишлаш, меҳнат қилиш – гўзал ишдир, деган фикрнинг жамиятда чуқур ўрнашган. Бу Япониянинг ривожланишига улкан таъсир кўрсатган.

Алишер Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети профессори:

Мэйжи реставрaцияси даврида Японияда бир шиор бўлган: “Дунёдан илмни Японияга кўчириб келиш”. Ҳақиқий илмий диссертaция ёзиш нима эканини мен шу ерда ўргандим. Япония мен учун илмни трансфер қилиш майдони ҳам ҳисобланади.

Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

Инсон Японияда ташқарининг босимини сезиб юради. Хоҳлаганингизни кўчада қилолмайсиз. Масалан, Европа ёки АҚШда қила оладиган ишинингизни бу ерда қилолмайсиз. Японияда “одамлар нима дейди” деган фикр чет элликларда ҳам, японларда ҳам бор.

Такуро Ямада, Инуяма шахрининг 2014-2022 йиллардаги ҳокими:

Японияда киши давлат ходими бўлиш учун имтиҳондан ўтади. Ва бу давлат идораларида ақлли одамлар ишлашини таъминлайди. Аммо бу учун мамлакатда таълим яхши бўлиши керак – шундагина маъмурчилик тизимларига яхши кадрлар келади.

Аҳа, демак, янги авлодга яхши таълим бериш, ишлашни яхши кўриш, жамоавий бирдамлик – сафар давомида борган сайин нималардир аён бўлиб борди, аммо... Аммо манзара мен учун жумбоқлигича қолаверди.

23 кун бу ерларда юриб, хўмрайган одамни деярлик кўрмадим, ва ҳар бир инсон ўз ишини қаттиқ меҳр билан қилаётганини кузатдим. Нега бу ерда шундай?

Шунда хаёлимда бир сўз гавдаланди – “хафсала”. Ҳа, айнан шу сўз онгимда қад кўтарди, кўз олдимда катта ҳарфлар билан ёзилди. Ахир, ҳар бир киши ўз ишини меҳр билан қилиши учун, хафсала керак.

Гўё ҳаво айнан шу нарса – хафсала билан тўйинган эди-ю, одамларни меҳр билан ишлашга ундар эди. Бироқ...

Бироқ кейин, “ўша хафсала қаердан пайдо бўлади”, деган савол онгимда гавдаланди. Ҳар бир нарсанинг манбаси бўлиши керак-ку, ахир.

Хафсала учун қувват керак. Қаердан келади бу қувват? Қувват...

Энергия сақланиши қонуни бўйича, қувват йўқ жойдан ҳосил бўлмайди, фақат бир қувват бошқасига эврилади. Хафсала учун ҳам қувват қаердандир келиши керак.

Одамларни кузатганим, мулоқот қилганимдан кейин, яна бир ибора хаёлимда гавдаланди – “хотиржамлик”. Айнан хотиржамлик ички қувват йиғилишига имкон беради. Бунинг акси эса – безовталик. Безовталик ички қувват тўпланишига имкон бермайди, безовталик қувватни ўғирлайди.

Демак – хотиржамлик. У қаердан ҳосил бўлади? Хотиржамликнинг уйи қаерда? Нимадан қувват олади у?

Шунда хаёлимга яна бир ибора келди – “ишонч муҳити”.

Бошидан бошлаймиз. Демак, инсон ўзини жамиятда яхши ҳис қилиши ва шу сабаб ўз ишини хурсанд бўлиб қилишининг шарти бор. Бу учун унда хафсала бўлиши керак, хафсала учун керак бўладига руҳий қувватни эса у хотиржамликдан олади. Эндиги савол – хотиржамлик қаердан келади?

Киши ўз жамиятида ўзини хотиржам хис қилиши учун, ўша жамиятда адолат ҳукм сураётганига ишониши керак. Шунда у ўзини гўё ўрмонда юрган якка бўри ёки кийик каби эмас, балки у ўзини кучли жамоа ичида яшаётгандек ҳис илади. Бу эса унинг қалбига хотиржамлик ҳиссини мустаҳкам жойлаштиради: “мен якка эмасман, мен кучли салоҳиятли жамият аъзосиман”. Хотиржам инсоннинг қаблига сокинлик ўрнашади. Ва у ўз ишини хурсанд бўлиб қилади, бехавотир яшайди.

Ўзаро ишончга қурилган жамият – бундай жамиятда “халқ” ва “давлат” бир-биридан ажратилмайди, у ягона тана деб билинади. Ва давлат халқнинг кайфияти билан яшайди. Чунки бунда давлат томонидан йўл қўйиладиган ҳар қандай хато жамият аъзосининг шуурига ёмон таъсир этади. Шу учун ҳам давлат ўз хатосини дарров тан олишга ва узр сўрашга шошилади.

Чунки хатолар тан олинмаса ва изидан яна хатолар қилинаверилса, оддий япон дунёқарашининг асоси бузила бошлайди, ичидан хотиржамлик кетади. Зеро бунда унинг хотиржамлигини таъминловчи нарса – адолатга бўлган ишончига путур етади. Натижада хотиржамликка қурилган ички тизими бузилади. Биз айтган ўша нарса – хафсаланинг манбаси ўлади.

Шу тарзда оддий японнинг ички низоми қуласа, Япония қулай бошлайди. Шунинг учун ҳам давлат ўзини ўта ҳушёр тутади – тарози палласига ҳазилакам нарса қўйилмаган ахир – катта бир миллатнинг руҳий ҳолати ва... тақдири қўйилган.

Ва мен шуни тушундимки, Японияда ҳаммаси шу нарсага хизмат қилади – ишонч муҳитини сақлаб туришга. Ва ҳамма шу – қимматли нарсани асраш учун ҳаракат қилади. Ва инсонлар ўртасидаги юмшоқ муомала ҳам айнан шу учун – ишонч муҳитини қувватлаш учун. Мен шундай хулосаларга келдим.

Ҳеч бир жамият мукаммал эмас албатта – ҳамманинг муамммолари ўзига етарли ва Япониянинг ҳам муаммолари ўзига етарли. Биз эса бу ерга келганимиз сабаби – буларда мавжуд бўлган, аммо ўзимизда етишмаётган самара сабабларини тушунишга уриниш эди.

Мазкур лойиҳамиз давомида сизларга бирқанча кўрсатувлар намойиш этамиз. Бу эса кириш қисми эди, холос.

Шокир Шарипов,
Япония

Мавзу
Kun.uz Японияда
Kun.uz ижодий жамоаси 2023 йил охирида Японияга сафар қилиб, кунчиқар юртнинг турли ҳаётий жабҳалари ҳақида бирқанча кўрсатувлар тайёрлади.
Барчаси
Top