15:51 / 31.01.2024
19137

“Солиқ тушуми ва текшируви бўйича KPIларни бекор қилдик” — Қудбиев

Солиқ қўмитаси раисининг тан олиб айтишича, илгари солиқчи қанча кўп тушум қилган, қанча кўп текширув ўтказган бўлса, унинг фаолиятига шунча юқорироқ баҳо берилган. “Ҳаммаси бекор бўлиб, энди солиқ тўловчи қанча узоқ вақт ишласа, қанча кўп одамни иш билан таъминласа, айланмаси катта бўлса, [солиқчининг] KPIи ошади”, – деди Шерзод Қудбиев тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги тақдимотида.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев илгари бутун IТ инфраструктураси тадбиркор қайсидир шартни бажармаса, уни жазолашга қаратилганини тан олди. У президентнинг 2023 йилдаги тадбиркорлар билан учрашувидан жуда кўп хулосалар чиқарганини айтди.

Бу ҳақда Қудбиев 30 январ куни Тошкентда тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш юзасидан бўлиб ўтган семинар-тренингда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Шахсан ўзимда, солиқ хизмати тизимида дунёқарашни ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Солиқ тизими олдига дунёқарашни ўзгартириш нуқтайи назаридан 2 та фундаментал масала қўйилган. Биринчидан, охирги 2-3 йил ичида биз бутун IТ инфраструктурамиз, маълумотлар базамизни тадбиркор қандайдир шартни бажармаса, мана бундай жазо берилади деган йўналишга қаратган эдик. Барқарорлик рейтинги билан энди тадбиркор қандайдир шартни бажарса рағбатлантирамиз деяпмиз ва ўзимизни ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу баландпарвоз гап эмас, қуйи, ўрта, солиқ текшируви даражасида ёндашувни ўзгартиряпмиз”, – деди у.

Шерзод Қудбиев эндиликда йирик солиқ тўловчиларга алоҳида инспекторлар бириктирилишини маълум қилди.

“Йирик солиқ тўловчилар феврал ойида буни сезади: алоҳида тармоқ ташкил этилиб, уларга алоҳида солиқ инспектори бириктирилади, фақат шу инспектор билан фаолият юритади. Инспекторнинг яхши ишлаши унинг учун KPI бўлади. Олдинги замонда бизнинг  қанча солиқ тушуми, қанча солиқ текшируви қилдинг деган KPIларимиз бор эди, улар ҳаммаси бекор бўлиб, энди солиқ тўловчи қанча узоқ вақт ишласа, қанча кўп одамларни иш билан таъминласа, бандлиги, айланмаси катта бўлса, [тегишли солиқ ходимининг] KPIи ошади.

Рейтингни ташкил қилишда биринчи навбатда қонун билан белгиланган фундаментал мажбуриятлар солиқ тўловчи томонидан бажарилишига эътибор қаратдик. Иккинчи томондан, биринчи марта ҳаракат қилдикки, ҳеч қаерда буни инобатга олмас эдик: корхонанинг фаолияти. Кўп корхоналар узоқ вақтдан бери ишлаши инобатга олинмас эди. Рейтингда бунга катта эътибор бериляпти”, – деди қўмита раиси.

Маълумот учун, йирик солиқ тўловчилар деганда соф тушуми йилига 100 млрд сўмдан ошган юридик шахслар ва бошқалар тушунилади.

Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги қандай ишлайди?

2024 йил 1 февралдан жорий этиладиган рейтинг асосида юқори кўрсаткичга эга тадбиркорлар рағбатлантирилади. Рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган.

Агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса:

  • солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди;
  • ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача);
  • ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференсиялар берилади.

Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти.

Бунгача бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доираси сертификат олган корхоналар учун амал қилар эди.

Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субектларига ҳам мазкур тартиб татбиқ этилади.

Рейтингнинг асосий мақсади – тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришига ундашдир.

Top