18:30 / 09.02.2024
8254

Ўзбекистонда никоҳлар камайиб, ажралишлар кўпайди — статистика

2023 йилдаги дастлабки демографик кўрсаткичлар эълон қилинди. 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 36,8 млн кишини ташкил этган.

Фото: Kun.uz

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг демографик кўрсаткичларини эълон қилди.

2024 йилнинг 1 январ ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 36,8 млн кишига етган. Шундан 18,3 млн нафарини аёллар, 18,5 млн нафарини эркаклар ташкил этади. 18,8 млн киши шаҳарларда, 18 млн киши қишлоқларда яшайди.

Маълумотда келтирилишича, 2023 йилда Ўзбекистонда қайд этилган никоҳлар сони 283,8 мингни ташкил қилган. Бу рақам 2022 йилда 296,7 минг бўлган.

Республикада кейинги йилларда ажралишлар сони сезиларли кўпайган. Мисол учун, 2021 йилда 39,3 минг никоҳдан ажралиш қайд этилган бўлса, бу рақам 2022 йилда 48,7 мингни, 2023 йилда эса 49,2 мингни ташкил қилган.

Шунингдек, Самарқанд (4 млн 208,5 минг киши), Фарғона (4 млн 61,5 минг киши) ҳамда Андижон (3 млн 394,4 минг киши) вилоятлари аҳолиси энг кўп бўлган ҳудудлар сифатида қайд этилган. Сирдарё (914 минг киши), Навоий (1 млн 75,3 минг киши) ва Жиззах (1 млн 507,4 минг киши) вилоятлари эса аҳолиси энг кам ҳудудлар ҳисобланади.

Ҳудудлар бўйича аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 1 квадрат километрга ўртача 6787,5 кишини, Андижон вилоятида 789,4 кишини, Фарғона вилоятида 600,8 кишини ташкил этган. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти (9,7 киши) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (12 киши) кузатилган.

2023 йилда Ўзбекистонга чет элдан 2,9 минг киши кўчиб келган ҳамда 17,3 минг нафар ўзбекистонлик хорижга кўчиб кетган.  

Top