09:53 / 09.02.2024
5241

Январ ойида 94,5 млрд сўмлик табиий газ ва электр энергияси ўғирланди – Ўзэнергоинспекция

​​​​​​​Ўзбекистонда бир ойда 995 истеъмолчи электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.

2024 йилнинг январ ойида Ўзбекистонда 94,5 млрд сўмлик табиий газ ва электр энергияси талон-торож қилинган. Бу ҳақда Ўзэнергоинcпекция хабар берди.

Маълум қилинишича, январ ойида ўтказилган назорат тадбирларида 995 истеъмолчи томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Унга кўра, 20 млн 486 минг кВт•соат электр энергияси ҳамда 47 млн 387 минг метр куб табиий газ талон-тарож қилинган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 94 млрд 542 млн сўм зарар етказилган.

Республиканинг барча ҳудудларида инспекция томонидан 24 969 та профилактика тадбири ўтказилган. Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 937 та маъмурий иш расмийлаштирилган.

Қўшимча қилинишича, энергия самарадорлиги, авария ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан 14 та давлат корхона ва муассасасида назорат тадбирлари ўтказилган. Таъминотчи корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан эса 1 540 та объект ҳамда 2 565 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилган.

Олдинроқ Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр энергияси ҳамда табиий газ тармоғига ноқонуний уланганларга жиноят ишлари қўзғатилганди.

Top