22:10 / 15.02.2024
11345

АҚШ тарихида собиқ президент устидан биринчи суд санаси маълум бўлди

Доналд Трамп устидан биринчи суд март ойи охирида бошланади. 

Фото: AFP

Ню-Йоркдаги Манҳэттен жиноий суди Доналд Трампнинг порно актриса Сторми Дэниэлсга тўловларда молиявий фирибгарлик қилгани бўйича очилган ишни тугатиш ҳақидаги илтимосини рад этди. 

Судя Хуан Мерчаннинг айтишича, собиқ президент устидан биринчи марта жиноий суд жараёни 25 март куни бошланади. Унда ҳакамлар ҳайъати танланади. 

Трампнинг адвокатлари суддан ишни тўхтатиш ёки кечиктиришни талаб қилишга уринди. Уларнинг фикрига кўра, суд жараёни сайловолди тадбирларига ҳалал бериши мумкин, бу эса президентлик сайловига аралашишни англатади. Бироқ, судя бу даъволарнинг барчасини рад этди. 

Ню-Йоркдаги суд жараёни собиқ президентга қарши очилган тўртта жиноий ишнинг биринчиси бўлади. Аввалроқ, Трамп махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаганлик, Жоржия штатида президентлик сайлови натижаларини ўзгартиришга уриниш, сайлов натижаларини бекор қилиш учун фитна уюштириш ва Капитолийга бостириб кириш иши бўйича айбланган эди. 

Трамп барча айбловларни рад қилиб, улар сиёсий тусга эга эканини таъкидлаб келмоқда. 

Нью-Йоркдаги суд жараёни Трампнинг порно юлдуз Сторми Дэниэлсга «муносабатларини ошкор қилмаслик учун пул тўлагани» билан боғлиқ. 

Иш материалларига кўра, 2016 йилги сайловдан олдин Трамп адвокат орқали Сторми Дэниэлсга «жим бўлиши» учун 130 минг доллар тўлаган. 

Ушбу тўловнинг ўзи ноқонуний эмас, лекин Трамп уни адвокатга юридик хизматлар учун тўлов сифатида расмийлаштирган. Бу эса Ню-Йорк штатида ҳисоботни сохталаштириш сифатида баҳоланади ва жиноий жавобгарликка тортилади.

Top