08:31 / 08.03.2024
3236

Ўзбекистон ва Белиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Марказий Америкада жойлашган Белиз Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 147-давлат бўлди.

Фото: Дунё

Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Белиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди.

"Дунё" хабарига кўра, икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Белизнинг БМТдаги доимий вакили Карлос Фуллер имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирди. Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш учун ўзаро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Шу тариқа, Марказий Америкада жойлашган Белиз Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 147-давлат бўлди.

5 март куни Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Лихтенштейн князлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланган эди. Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 146-давлат саналади.

Top