Қўлдан қўлга ўтаётган Ёшлар кўли: Хайрулло Бозоровнинг ноқонуний қарори биринчиси эмаслиги маълум бўлди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги Ёшлар кўли ҳудудини 2023 йил ноябр ойида ҳам фаолияти улгуржи савдо бўлган 5 ойлик фирмага 4 та 7 қаватли отел апартамент, замонавий экспо марказ, Хитой ва Европа ресторанлари қуриш учун бериб юборган. Бироқ кўл ҳудуди кўп ўтмай қайтариб олинган ҳамда 2024 йил январ ойи охирида бошқа фирмага берилган.
Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўлининг 2,2 гектарлик ҳудуди 2023 йилда ҳам 5 ойлик фирмага бериб юборилиб, кўп ўтмай қайтариб олингани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган.
Хайрулло Бозоровнинг 2023 йил 29 ноябрдаги қарори билан Ёшлар кўли ҳудуди “Polatov steel” МЧЖга доимий муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб берилган.
Қарорга кўра, МЧЖга Ёшлар кўли бино-иншоотларига 60 млрд сўм инвестиция киритиш, 4 та 7 қаватлик отел апартамент, замонавий экспо маркази, Хитой ва Европа ресторани ҳамда замонавий пляж лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, 200 дан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш шарти қўйилган. Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ва Фарғона шаҳар ҳокимлигига объектга бириктириб берилган ер майдонига аниқлик киритиш ҳамда тегишли тартибда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш топширилган.
Аммо 2023 йилнинг 12 декабрига келиб вилоят ҳокими ўз қарорини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Унда таъкидланишича, “Polatov steel” МЧЖ ҳокимликка хат билан мурожаат қилиб, молиявий аҳволи барқарор эмаслигини билдирган.
Очиқ маълумотларга кўра, “Polatov steel” МЧЖ 2023 йилнинг 31 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Бор-йўғи 100 минг сўмлик устав капиталига эга бўлган МЧЖ таъсисчиси 100 фоизлик улуш билан Рустам Жўраев ҳисобланади.
Рустам Жўраев 2021 йил Фарғонадаги илк ҳолдинг дея шов-шув қилинган “MARAFON GROUP” ҳолдинги асосчиларидан бири сифатида кўринган.
Аммо “MARAFON GROUP” лойиҳаси нима экани ҳақида одамлар тузукроқ маълумот олмасидан туриб жимиб кетишган.
Kun.uz “Polatov steel” МЧЖ таъсисчиси Рустам Жўраев билан боғланиб, Ёшлар кўли билан боғлиқ ҳолатга изоҳ олишга уриниб кўрди. Аммо қайта қўнғироқ қилишини айтган Жўраев шу тариқа таҳририят билан боғланмади.
Маълумот учун, Фарғона вилояти ҳокимининг 2023 йил 22 майдаги қарори билан Тошлоқ тумани Қанжирға маҳалласида жойлашган, фойдаланилмай турган бино ва иншоотлар 1,5 млрд сўмлик инвестиция киритиб, тикувчилик фаолиятини ташкил этиш учун 11 кунлик, 2023 йил 27 ноябрдаги қарори билан Фарғона шаҳри Университет кўчасидаги жойлашган бино ва иншоотлар 2,5 млрд сўмлик инвестиция киритиш шарти билан 16 кунлик фирмага доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб берилган. Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2024 йил 15 февралдаги қарори билан Қўқон шаҳри ҳудудидаги 5 та собиқ сув иншооти тикувчилик цехи, клиника маркази, соғломлаштириш маркази ташкил қилиш учун 2023 йил 20 ноябрдаги давлат рўйхатидан ўтказилган МЧЖга берилган.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Хайрулло Бозоровнинг қарорига кўра Фарғона шаҳри марказидаги Ёшлар кўли меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ҳамда кўп қаватли турар жой бинолари қуриш учун ташкил этилганига 24 кун бўлган “Unays building” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилгани юзасидан суриштирув эълон қилганди.
Суриштирувдан сўнг Фарғона вилояти ҳокимининг қарори ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди ҳамда фаоллар Ёшлар кўли фарғоналикларга қайтарилиши кераклиги ҳақида ёзишди.
Мазкур ҳолатдан сўнг Давактив агентлиги томонидан ўрганиш ўтказилиб, Ёшлар кўлининг доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилишида бир қатор қонун талаблари бузилганини аниқлади ҳамда кўл Спорт вазирлигига қайтарилишини маълум қилди. Кўп ўтмай эса Фарғона вилояти ҳокимининг қарори бекор қилинди.
Мавзуга оид
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024
Фарғонада Lacetti уриб юборган шахс ҳалок бўлди
11:51 / 01.10.2024
“Жабрланувчилар рози эмас” - Фарғона вилоят судида процессни тасвирга олмаслик учун “ёпишмаган” сабаб кўрсатилди
10:16 / 16.09.2024