Жаҳон | 18:46 / 09.03.2024
12479
3 дақиқада ўқилади

Қуролли гуруҳлар Ҳаитидаги ҳукумат бинолари ва президент саройига ҳужум қилди

Мамлакат пойтахтида отишма овозлари эшитилмоқда, жиноий гуруҳлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Фото: Ralph Tedy Erol/Reuters

Қуролли гуруҳлар Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги ҳукумат биноларига, жумладан полиция идоралари, Ички ишлар вазирлиги биноси ва президент саройига ҳужум қилди, деб хабар берди CNN.

Қайд қилинишича, бутун шаҳар бўйлаб ўқ овозлари эшитилмоқда, айниқса ғарбий ҳудудларда. Гувоҳларнинг айтишича, қуролланган шахслар пойтахт марказидаги иккита полиция бўлимини эгаллаб олишга уринган, полиция ва жиноий гуруҳлар ўртасида тўқнашув юз берган.

«Биз вазиятни имкон қадар тезроқ назоратга олиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Биз бор нарсамиз билан қўлимиздан келганини қиляпмиз», деб CNN Ҳаити хавфсизлик хизматидаги манбаси сўзларини келтирди.

Порт-о-Пренсдаги отишмалар пайтида жиноий гуруҳларнинг ўндан ортиқ аъзолари ўлдирилган. Полиция ходимлари орасида қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Ҳаити пойтахтидаги президент саройи 2021 йил ёзидан буён, президент Жовенел Моиз ўлдирилганидан бери бўм-бўш турибди. Бироқ, сарой Ҳаити федерал бошқарувининг рамзи бўлиб қолмоқда ва кечаю кундуз қўриқланяпти.

«Агар сарой жиноий тўдалар назоратига ўтса, бу Ҳаитининг уюшган жиноятчиликка ва мамлакатда давом этаётган исёнга қарши курашига қаратилган улкан рамзий зарба бўлади», деб ёзди ABC News.

Март ойи бошидан бери собиқ полициячи Жимми Шеризие бошчилигидаги қуролли гуруҳлар Ҳаитининг асосий инфратузилмасига, жумладан аэропортга ҳужум қилмоқда. Улар, шунингдек, иккита қамоқхонага ҳужум қилиб, маҳбусларнинг кўпини озод қилишди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди.

Шеризие Ҳаити бош вазири Ариэл Анрини истеъфога чиқишга чақириб, унга «геноцидга олиб борадиган фуқаролар уруши» билан таҳдид қилди. Анри феврал ойида ўтиш даври ҳукуматини тузиш режалари бўйича истеъфога чиқиши керак эди, бироқ буни амалга оширмади ва янги сайловларгача ҳокимиятни мухолифат билан бўлишишга рози бўлди. Шундан сўнг, бош вазир Кенияга сафар қилганида Ҳаитида можаро бошланди. Ҳозир у Пуэрто-Рикода экани тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид