Ўзбекистон | 18:05 / 19.03.2024
7596
1 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятида қалбаки 9400 доллар муомалага чиқарилишига чек қўйилди

Қирғизистондан қалбаки валюта олиб кирган шахс қалбаки 9400 долларни ҳақиқий 5200 долларга алмашмоқчи бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор тадбирида Қирғизистон ҳудудидан олиб кирилган қалбаки хорижий валюталарни муомалага чиқаришга уринган шахслар ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хусусан, Наманган-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Honda русумли автомашина Поп тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда қалбаки 4 минг АҚШ доллари борлиги маълум бўлди.

Терговга қадар текширув давомида у мазкур қалбаки валюталарни келгусида сотиш мақсадида Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқародан 2200 АҚШ долларига сотиб олгани аниқланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро қалбаки 5400 АҚШ долларини ҳақиқий 3 минг АҚШ долларига айирбошлаган вақтида ушланди.

Аниқланишича, у қалбаки валюталарни қўшни Қирғизистондаги жиноий шерикларидан олиб келган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами қалбаки 9400 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинди.

Мавзуга оид