07:52 / 26.03.2024
51131

Суд «Крокус»даги теракт бўйича яна уч кишини қамоққа олди

Улардан бири террорчилар ҳаракатланган «Рено»нинг эгаси бўлган, қолган иккиси — унинг отаси ва акаси. Улар Тергов қўмитасига ўз ихтиёри билан келганини айтишган.

25 март куни Москвадаги Басманний район суди тергов талабига кўра «Крокус Сити Ҳолл»даги теракт бўйича жиноий иш доирасида яна уч фигурантни қамоққа олди.

Диловар Исломов

Ака-ука Диловар ва Аминжон Исломов, шунингдек уларнинг отаси Исроил икки ой муддатга, 22 майга қадар ҳибс қилинган. Суд картотекасига кўра, уларнинг учаласига нисбатан уюшган гуруҳ таркибида инсонлар ўлимига олиб келган теракт содир этиш (РФ ЖК 205-моддаси, 3-қисми, «б» банди) моддаси қўлланган. Диловар ва Аминжон Исломовга айблов эълон қилинган, уларнинг отаси ҳозирча гумонланувчи мақомида қолмоқда.

Исломовлар Тверда ишлаб, яшаб келган. 23 ёшли Диловар Исломов — террорчилар «Крокус»ни тарк этишда фойдаланган «Рено»нинг эгаси бўлган. Теракт содир этилишидан бир неча соат ўтиб у «Новая газета Европа» нашрига бир ҳафта олдин машинани рафиқасининг акасига сотганини айтиб берганди (РИА Новости вазиятдан бохабар манбага асосланиб хабар қилишича, Исломов машинани февралда сотган, аммо транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш унинг номида қолган).

Диловар ва унинг 33 ёшли акаси Аминжон, ўзларининг айтишича, тергов қўмитасига ўз ихтиёри билан келган. «Менинг машинамни кўрганимизда биз ўзимиз келдик», — дея Диловар Исломовнинг сўзларини келтирган «Медиазона». Аминжон Исломов судянинг у нимада айбланаётганини қанчалик тушунаётгани борасидаги саволга жавобан шундай деган: «Мен айбдор эмасман».

Аминжон Исломов

Терговнинг тасдиқлашича, Диловар ва Аминжон Исломовлар жиноий гуруҳ сафида бўлишган, уларни террорчиликда гумонланаётганлардан бири Шамсиддин Фаридуни жалб этган: Аминжонни — 2024 йил январида, Диловарни — 2024 йил 11 мартигача.

Исроил Исломов

Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Владимир Путин иштирокидаги йиғилишда тергов версиясига кўра Исломовлар террорчиларга яшаш учун квартира ва автомобил тақдим этишгани, шунингдек уларга пул ўтказиб беришганини айтган.

Бир кун олдин суд теракт ижро этилишида гумонланаётган тўрт киши — Далержон Мирзоев, Саидакрами Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридунини қамоққа олганди. Улардан дастлабки иккиси айбига иқрор бўлган.

Суд залида олинган фото ва видеоларга кўра, теракт ижрочилигида гумонланаётганлар қўлга олинганидан кейин қийноққа солинган. Улардан бирининг бўйнида пакет парчалари олиб ташланмаган, бошқасининг қулоғи бинт қилинган, кучишлатар идоралар ходимлари қўлга олиш чоғида унинг ўнг қулоғининг бир қисмини кесиб олганди. Учинчи айбланувчи эса суд залига тиббиёт каталкасида ва катетер (қовуқни бўшатиш ёки унга дори юбориш учун ишлатиладиган найча) билан келган, у суд мажлиси вақтида деярли ҳушсиз бўлган ва атрофдаги воқеаларга реакция қилмаган.

Мавзу
Москвадаги теракт
Россиянинг Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида отишма юз берди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узган.
Барчаси
Top