18:19 / 02.04.2024
3656

Қирғизистонда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Президент Садир Жапаров бундай қонун нодавлат нотижорат ташкилотларини таъқиб қилиш учун эмас, балки уларнинг фаолятини тартибга солиш учун қабул қилинганини таъкидлади. 

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Президент Садир Жапаров «Айрим қонун ҳужжатларига (Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида ва Жиноят кодекси) ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни [«хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини] имзолади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди, деб ёзди АКИпресс. 

Қонун лойиҳаси Жогорку Кенеш [парламент] томонидан 14 март куни қабул қилинган. 

Садир Жапаров бундай қонун нима учун қабул қилинганини қуйидагича изоҳлади: 

«Мамлакатимизда 30 йилдан бери фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган. Улар ҳеч кимга ҳисобот бермайди. Улар фақат банк ҳисоб рақамларини очиб, хорижий донорлардан пул олиб, ўз ихтиёрига кўра, шу жумладан шахсий мақсадларда ҳам ишлатган. Бундан буён улар ҳам бошқалар қатори Адлия вазирлигида рўйхатга олинади. Банк ҳисоб рақамлари очилади. Энди улар очиқ иш бошлайди. Аввалгидек тартибсизлик бўлмайди», деб ёзди у. 

Қонун лойиҳасида Қирғизистонда ташкил этилган ва хорижий давлатлар, уларнинг давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва бошқалардан пул ва бошқа мол-мулк оладиган нотижорат ташкилотига ҳуқуқий мақом бериш таклиф этилади. 

Қонун лойиҳасига кўра, нотижорат ташкилотлар: даромадлар ҳажми ва таркиби, мол-мулк ва харажатлар ҳажми, таркиби, ходимлар сони ва таркиби, уларга ҳақ тўлаш, фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни сир сақлаши мумкин эмас. 

Нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатга олиш соҳасидаги ваколатли органга ўз фаолияти тўғрисида, бошқарув органларининг шахсий таркиби, маблағларни сарфлаш ва бошқа мол-мулкдан фойдаланиш мақсадлари тўғрисида, шу жумладан чет элдан олинган мол-мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт. 

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини режали текшириш йилига бир марта ўтказилади. 

Бундан ташқари, Россияда бўлгани каби, Қирғизистонда ҳам «хорижий агентлар» ўз материалларига «хориждан молиялаштирилган» белгисини қўйиши шарт бўлади. 

Қонун эълон қилингандан 10 кун ўтгач кучга киради.

Top