Жаҳон | 22:28 / 05.04.2024
39306
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Ердаги энг тоза ҳавога эга жой номини айтишди

Антарктида осмонида энг тоза ҳаво мавжудлиги аниқланди ва бу фақат инсон фаолиятининг йўқлиги билан боғлиқ эмас. 

Фото: Getty Images

Монаш университетининг австралиялик олимлари Ердаги ҳаво энг тоза жойни аниқлашди. Бу Антарктидани ювиб турган Жанубий океан устидаги бўшлиқ бўлиб чиқди. Тадқиқот Сlimate and Atmospheric Science (CAS) журналида чоп этилди. 

Сунъий йўлдош кузатувлари ёрдамида атмосферанинг таҳлили шуни кўрсатдики, Антарктида ҳавосининг тозалиги нафақат у ерда инсон фаолиятининг йўқлиги, балки фитопланктонларнинг фаоллиги билан ҳам боғлиқ. 

Бундан ташқари, Жанубий океан Ердаги энг булутли жой бўлиб чиқди, у ерда ёғингарчилик тез-тез содир бўлади. Кучли ёмғир ва қор ёғиши ифлослантирувчи аэрозол зарраларини ҳаводан ювади. Антарктида устидаги булут қоплами махсус ҳужайра тузилишига эга. Ҳар бир бундай ҳужайра дунёнинг бошқа қисмларидаги булутларга қараганда олти баробар кўпроқ ёмғир ёғдириши мумкин. 

«Ёмғир, худди кир ювиш машинаси кийимларни тозалаганидек, осмондан аэрозолларни ювади. Совуқ фронт чекингач, ҳаво тоза бўлади», деб таъкидлади мутахассислар. 

Олимларнинг айтишича, уларнинг кашфиёти ёғингарчилик ҳаводан чанг ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни қандай ювиб ташлашини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Мавзуга оид