07:44 / 06.04.2024
5369

Ню-Йорк яқинида сўнгги 40 йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди

Ню-Жерси штатида силкинишлар бир кунда икки марта содир бўлди, уларнинг максимал магнитудаси 4,8 ни ташкил этди.

Фото: Reuters

5 апрел, жума куни АҚШнинг шарқий қирғоғида Ню-Жерси штатида бир кунда иккита зилзила содир бўлди. АҚШ Миллий геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 10:23 да содир бўлган биринчи силкинишлар магнитудаси тахминан 4,8 ни ташкил қилган. Зилзила Филаделфиядан Бостонгача бўлган бир қанча қирғоқ шаҳарларида, жумладан Ню-Йоркда ҳам сезилган

Бошқа нарсалар қатори, БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши иштирокчилари ҳам ер силкинишларини ҳис қилган, бу ташкилотнинг Ню-Йоркдаги штаб-квартирасидан олинган видеотасвирда кўринган. Бироқ, бинони эвакуация қилишнинг ҳожати бўлмаган ва йиғилишнинг ўзи бир неча сонияга тўхтатилган. 

Биринчи зилзиладан сўнг минтақада 2 баллгача бўлган бир қанча ер силкинишлари ҳам содир бўлди ва маҳаллий вақт билан соат 17:59 да 4,0 магнитудали янги силкинишлар қайд этилди. USGS маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи Ню-Жерси штатидаги Уайтхаус аҳоли пункти яқинида бўлиб, 9,4 км чуқурликда бўлган. 

Ню-Йорк яқинида охирги 40 йилдаги энг кучли зилзила

Қўшма Штатларнинг шарқий соҳилларида зилзилалар нисбатан кам учрайдиган ҳодиса, дея қайд этади ОАВ. Ўтган йили Ню-Йорк штатида 3,8 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Бироқ, бу силкинишлар 1983 йилда, штат шимолидаги Нюкомб шаҳрида 5,1 магнитудали зилзила кузатилганидан бери минтақада қайд этилган энг кучлиси бўлди. Сўнгги ўн йилликларда АҚШнинг шарқий қирғоғида содир бўлган энг кучли зилзила 2011 йилда Виржинияда кузатилган силкинишлар бўлди - уларнинг магнитудаси 5,9 га етди.

Ню-Жерси ва Ню-Йоркдаги аэропортлар кун давомида фаолиятини тўхтатди. Бироқ маҳаллий ҳокимиятнинг дастлабки маълумотларига кўра, ер силкинишлари инфратузилмага жиддий зарар етказмаган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Ню-Йорк мэри Эрик Адамс яқин кунларда минтақада 3 магнитудали яна ерости силкинишлари кузатилиши мумкинлигини таъкидлади. 

Тайванда сўнгги 25 йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди 

Бундан бироз олдин Тайванда зилзила юз берди, унинг магнитудаси камида 7,2 ни ташкил этди - бу оролда сўнгги чорак асрдаги энг кучлиси бўлди. Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, табиий офат камида тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлган, 1000 га яқин аҳоли жароҳатланган. 

Бироқ, Тайван Тинч океанининг олов ҳалқаси ичида жойлашган бўлиб, бунда Тинч океани бўйлаб сейсмик ёриқлар чизиғида дунёда бўйлаб энг кўп зилзилалар содир бўлади. 

Top