Жамият | 15:19 / 07.04.2024
22723
3 дақиқада ўқилади

Сайхунобод тажрибаси қандай жорий қилиняпти?

Сирдарёнинг Сайхунобод тумани аҳолисининг ижтимоий турмуш тарзи бугун кўпчиликка қизиқ. Сайхунобод тажрибаси қандай жорий қилинаётгани ва ундан кутилаётган натижалар билан қизиқдик.

Бу ерда аҳолининг турмуш тарзи, ижтимоий ҳаёти билан танишиш учун тумандаги Иттифоқ маҳалласида бўлдик. Биз илк дуч келган хонадондаги муҳит эса ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги Фармонбиби оиласини эслатди. Бу ерда 10 ака-уканинг оиласи бир маҳаллада яшашади.

Ифторлик дастурхони учун кўк сомса пишираётган келинлардан сайхунободликларнинг турмуш тарзи, ҳаёти ҳақида сўрадик.

“Сайхунободлик аёллар жудаям содда, меҳнаткаш. Келин бўлиб тушганимизда маҳалламизда газ, сув бўлмаган. Неча километрдан сув ташиб келганмиз, ҳеч нолимаганмиз. Лекин бу йилги ташаббус орқасидан кўплаб ерлари қуруқ ётган хонадонлар экин экиб, товуқ, қўй боқиб, узумчилик билан шуғулланиб, ўзларини банд қилишяпти. Уйғониш бўлди бу ташаббус.

Катта-катта ерларимизда фақат беда экиларди. Ҳозир маҳалламиздаги 50 дан ортиқ хонадонларда узум экилди”, деди ўртанча келин Муҳаббат Соатова. 

 Узумчиликни бошлаган Иномжон Ниёзов 20 сотихли томорқасида боғдорчилик,узумчилик билан шуғулланишни бошлаган. Ундан ташқари қовоқнинг экспортбоп навини ҳам экяпти:

“Томорқамизни тўлдириб беда экардик. Ҳозир 20 сотихнинг 4 сотихини боғдорчилик қилдик, ундан ташқари 3 сотихга узумчилик ташкил қилдик.

Аёлим билан ёнимизда жойлашган пахта тозалаш корхонасида мавсумий даврда ишлаймиз. Айни баҳорда иш бошланган пайтдан то кеч кузгача бўшмиз. Шу вақтда деҳқончилик билан шуғулланмоқчимиз. Шу пайтгача деҳқончилик қилсак харидор топилмаган, ҳозир эса шу уруғни тавсия қилганлар ўзлари маҳсулотимизни сотиб олмоқчи. Шундан хурсандмиз”. 

Навбатдаги хонадонда ҳам иссиқхона ташкиллаштирилган, ҳам асаларичиликни йўлга қўйишаётган экан. Хонадон бекаси Муҳайё Раҳмонова иссиқхонанинг ўзидан йилига 15 млн даромад топишини айтди.

“Биз 4 йилдан бери иссиқхона билан шуғулланамиз. 2 сотих еримиз бор. Яқинда президентимиз келганидан кейин бизга субсидия асосида 100та товуқ, 5та қўчқор, асалари берилди. Энди улардан ҳам даромад қиламиз”. 

Жорий йил март ойида давлат раҳбарининг Сайхунободга ташрифида тумандаги иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг яхши эмаслиги қаттиқ танқид остига олинган эди. Айни пақтда туманда йўлга қўйилган Сайхунобод тажрибаси бутун республика бўйлаб оммалаштирилади.

Мавзуга оид