18:10 / 10.04.2024
9270

Ўзбекистонда BYD автомобил заводи июн ойида ишга туширилиши мумкин

Биринчи босқичда кичик қисмли йиғиш усулида Chazor ва Song Plus Dm-1 моделлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Фото: BYD

Жиззах вилоятида Гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқарадиган BYD автомобил заводи июн ойида ишга туширилиши мумкин.

25 январ куни президент Шавкат Мирзиёев ва BYD президенти Ван Чуанфу Жиззах вилоятида электр ва гибрид автомобилларни йиғиш лойиҳасини ишга туширди. Корхона «Жиззах» ЭИЗ ҳудудида жойлашади. Лойиҳа қиймати 160 миллион долларга баҳоланган бўлиб, шундан жорий йилда 120 миллион доллар сармоя киритилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 1200 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Март ойида BYD вакили Иван Сао биринчи босқичда учта русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилиши, гибрид ва электромобилларни оммавий ишлаб чиқариш учинчи чоракка режалаштирилганини айтган эди.

Қўшма автомобил заводи кичик қисмли йиғиш (CKD) ёрдамида BYD Chazor ва BYD Song Plus Dm-1 моделларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарилаётган электромобиллар сони ортиши билан маҳаллийлаштириш даражаси ҳам босқичма-босқич ошиб боради.

2023 йил сентябр ойида BYD ва «Ўзавтосаноат» ўртасида BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Биринчи босқичда Жиззах вилоятидаги заводнинг қуввати йилига 50 минг дона бўлса, келгусида босқичма-босқич 300 минг автомобилга етказилади, уларнинг бир қисми хорижга экспорт қилинади.

Top