07:24 / 15.04.2024
5138

Uzbekistan Airways Тошкент-Тел-Авив йўналишидаги битта рейсни бекор қилди

Uzbekistan Airways Яқин Шарқдаги вазият туфайли 15 апрелга белгиланган Тошкент-Тел-Авив-Тошкент йўналиши бўйича HY301/302 рейсини бекор қилди.

Фото: Kun.uz

Uzbekistan Airways 2024 йил 15 апрел куни HY301/302 Тошкент - Тел-Авив - Тошкент йўналишидаги авиақатновларини бекор қилди.

Компания хабарига кўра, бу Яқин Шарқ мамлакатларининг бир қисми устидан ҳаво ҳудуди ёпилиши муносабати билан, шунингдек, Ўзбекистон авиация ҳукуматининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан боғлиқ қарорини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди.

Фақат 2024 йил 15 апрел куни амалга оширилиши режалаштирилган HY301/302 авиақатнови авиачипталарини қайта брон қилиш ёки пул маблағларини жарима ундирилмаган ҳолда қайтариш учун йўловчилардан Uzbekistan Airways Sales филиалига ёки авиакомпаниянинг хориждаги ваколатхоналарига мурожаат қилиш сўралган.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб ракета ва учувчисиз учоқларни учирди. Исроил мудофаа кучлари уларнинг 99 фоизи уриб туширилганини билдирди. Ҳужумга жавобан Исроил ҳаво ҳудудини вақтинча ёпди. Дунё авиакомпаниялари Эрон ва Ироқ орқали ўтадиган йўналишларни минтақа мамлакатларига ўзгартирди.

Top