13:35 / 16.04.2024
6334

Шолц Хитойни Россияга ҳарбий ёрдам бермаслик ҳақида огоҳлантирди

Хитой Халқ Республикаси раиси билан учрашув олдидан Германия канцлери Шанҳайда бир неча учрашувлар ўтказди ва ҳарбий таъминот, бозорлардаги рақобат масалаларига тўхталиб, қатор баёнотлар берди.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Федерал канцлер Олаф Шолц 15 апрел, душанба куни Хитойга уч кунлик ташрифининг иккинчи кунида мамлакат расмийларини Россияга ҳар қандай ҳарбий ёрдам бермаслик тўғрисида огоҳлантирди. «Ҳеч ким бу амалга ошишига ёрдам бермаслиги керак», деди Шолц Шанҳайда Россияга Украинага қарши урушида ёрдам тақдим этиш масаласига ишора қилиб.

«Шунинг учун биз барчани санкцияларни четлаб ўтмасликка чақирамиз (...) ва шунингдек, қурол етказиб бермасликка чақирамиз», — дея қўшимча қилди у ҳамда бу ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган товарларга ҳам тегишли эканлигини аниқлаштирди. 

Олаф Шолц 16 апрел куни Пекинда Хитой раиси Си Жинпинг ва бош вазир Ли Цян билан учрашади. Россиянинг уруши нафақат Европа муаммоси, дея таъкидлади канцлер, балки «бутун сайёрадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид, чунки бу кўплаб одамларни тарихий тузатишлар киритишга ундайди». 

Кацлер адолатли рақобат шартларини талаб қиляпти 

Олаф Шолц, шунингдек, немис компаниялари учун адолатли рақобат шароитларини яратишга чақирди. «Компанияларнинг ҳуқуқлари кафолатлангани, бизда рақобат учун адолатли шароитлар яратилгани, жумладан, бу ерда фаолият юритаётган маҳаллий компаниялар билан ҳам жуда муҳим», деди у 15 апрел куни Шанҳайга ташрифи чоғида. 

Шу тариқа, Шолц немис компанияларига Хитой ҳукумати тендерларида қатнашиш имкониятини беришга чақирди. Сешанба куни давлат раҳбари билан учрашувда канцлер, dpa маълумотларига кўра, ўзаро савдода «тенг шартлар» масаласини ҳам кўтариш ниятида. 

Германия узоқ вақтдан бери Хитойдан Хитой компаниялари Германияда даъво қилаётган тенг ҳуқуқларни кутмоқда. Агентлик қайд этишича, Германиянинг энг йирик савдо шериги - Хитойда айни дамда иқтисодий пасайиш белгилари кузатилмоқда, бу эса Германиянинг экспортга асосланган иқтисодий модели учун муаммоларни келтириб чиқаради. 

АҚШ Хитойга Россияга ёрдам учун «жиддий оқибатлар» билан таҳдид қилди

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен 6 апрел куни Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн билан учрашувда уни мамлакат компаниялари Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаётгани аниқланса, Хитой бизнеси учун жиддий оқибатлар келиб чиқиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги раҳбари Вашингтон Пекиннинг Россия мудофаа-саноат базасини тиклашдаги ёрдамидан хавотир билдирганидан бир неча кун ўтиб айтди. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 2023 йил июн ойида Хитойга қилган сафаридан сўнг хабар берганидек, мамлакат расмийлари уни Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга ёрдам воситалари бермаётганига ишонтириган. 

Top