Ўзбекистон | 10:19 / 25.04.2024
2272
2 дақиқада ўқилади

Чилининг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Чилининг янги элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Фото: Telegram / bakhtiyor_saidov

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Чилининг мамлакатдаги янги элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) Эдуардо Эскобардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

"Чилининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Эдуардо Эскобар жанобларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилдик", – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. 

Суҳбат чоғида ўзаро муносабатларни фаоллаштириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, парламентлараро мулоқот, қўшма савдо комиссиялари ва ҳамкорликнинг бошқа янги шаклларини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Чили ўртасида дипломатик муносабатлар бундан қарийб 30 йил аввал – 1994 йил 15 сентябрда ўрнатилган. Чилининг янги элчиси 64 ёшда ва у тажрибали дипломат саналади. Янги элчи ТИВ марказий аппаратида ва Чилининг Исроил, Кот-д`Ивуар, Аргентина, Канада, АҚШ, Австралия, Эквадор, Иордания ва Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналарида ишлаган. 2021 йил май ойидан буён Россиядаги элчи лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. У инглиз, испан ва француз тилларини мукаммал билади.

Мавзуга оид