22:00 / 25.04.2024
5613

Хитой уч тайконавт билан космик кемани коинотга учирди 

2024 йилда Хитойнинг космик саноати 100 га яқин рекорд миқдордаги парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда. 

Фото: Видеодан кадр

Хитой «Шэнчжоу-18» космик кемасини Цзюцюан марказидан «Тянгун» орбитал станциясигача учирди. Кема бортида уч нафар тайконавт бор: командир Е Гуанфу, шунингдек, экипаж аъзолари Ли Цун ва Ли Гуансу. Улар станцияда тахминан олти ой қолиши керак. 

Миссия раҳбари 43 ёшли Е Гуанфу бўлиб, у охирги марта 2021 йил октябр ойида «Тянгун»да бўлган. Унга Ли Цун ва Ли Гуансу ҳамроҳлик қилмоқда, улар учун бу биринчи парвоз. 

Феврал ойи охирида Хитой аэрокосмик фан ва технология корпорацияси (CASC) 2024 йилда космик кемаларни учириш миссиялари сони бўйича миллий рекордни янгилашни режалаштираётганини маълум қилди. 

«2024 йилда Хитойнинг космик саноати 100 га яқин парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда. Янги рекорд ўрнатилиши кутилмоқда», дейилади ҳисоботда. 

«Шэнчжоу-18» экспедицияси «Тянгун» орбитал станциясига еттинчи миссия бўлади. Хитойнинг биринчи космик парвози 2003 йилда, Хитойнинг биринчи космонавти Ян Ливэй «Шэнчжоу-5» космик кемада учганида амалга оширилган.

Top