10:12 / 03.05.2024
4084

Реэмигрантлар Россия иқтисодиёти ўсишининг учдан бир қисмини таъминлаб берди

Bloomberg маълумотларига кўра, уруш бошланганидан кейин Россиядан қочиб, кейин ўз ватанига қайтган россияликлар 2023 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсишининг учдан бир қисмигача ҳисса қўшган. Улар, хусусан, яшаш учун рухсат олиш билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли қайта кўчиб келишга мажбур бўлмоқда.

Фото: Daro Sulakauri/Getty Images

Украинага ҳужум ва Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин хорижга қочган минглаб россияликлар кейинчалик ўз ватанига қайтиб, мамлакатнинг ижобий иқтисодий кўрсаткичларига ҳисса қўшмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги 2 май, пайшанба куни маълумот берди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, қайтиб келганлар иқтисодий фаоллиги Россия Федерацияси йиллик иқтисодий ўсишининг учдан бир қисмини ташкил этган. 

Агентлик таъкидлашича, қайтганлар умумий бандликнинг атиги 0,3 фоизини ташкил қилади, бу меҳнат бозоридаги кескин танқислик ҳолатини сезиларли даражада яхшиламаслиги мумкин, аммо қайтиб келганларнинг иқтисодий фаолиятга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлайди. 

Bloomberg эслатишича, 2023 йил ўрталарида Кремл Украинадаги уруш бошланганидан кейин мамлакатни тарк этганларнинг ярми Россияга қайтганини маълум қилганди. Агентлик маълумотларига кўра, буни россияликлар кўчиб ўтиши учун энг машҳур йўналишлар бўйича статистик маълумотлар, шунингдек, уларга кўчишда ёрдам берадиган компаниялар маълумотлари тасдиқлаган. Хусусан, Москванинг Finion компанияси маълумотларига кўра, 2022 йилда кетган мижозларининг тахминан 40-45 фоизи Россияга қайтган. 

Россияга қайтиш қарорига таъсир қилган сабаблар орасида маҳаллий ҳокимият органларининг яшаш учун рухсатнома бериш ёки узайтиришдан бош тортиши, пул ўтказишдаги қийинчиликлар ва ишга жойлашишдаги мураккабликлар бор. 

Top