Жамият | 16:18 / 08.05.2024
30417
11 дақиқада ўқилади

“Журъатсизлигим туфайли тўрт болам отасиз ўсди” – ҳаётий ҳикоя

Хотиним хафа бўлган кезларда “Мен оилада тўнғичман, укамни уйлантиргач бизни алоҳида қилиб чиқаришади. Сабр қил, бу уйда бир умр қолиб кетмайсан”, дердим. Ўшанда хотинимга айтган бу гапларимга фаришталар ҳам “Омин” деган экан шекилли ... Онам “аввал укаларинг, кейин сизлар” деб бизни алоҳида бўлиб чиқишимизга қўймади ва муаммо шундан бошланди.

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнидан бериб борилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони журъатсизлиги туфайли тўрт боласини тирик етим қилиб, улар билан юз кўрмас бўлиб кетган киши.

У мактубида хотини билан ажрашгач фарзандлари билан юз кўрмас бўлиб кетгани ва уларни қайнотаси боқиб катта қилганини, иккинчи турмушидан кўрган қизини узатгач эр-хотин ёлғиз қолиб кетишганини ёзибди.

“Оилада тўрт нафар ўғил бўлганмиз ва мен тўнғич фарзанд эдим. Қиз бўлмагани учун онамга уй ишларида ҳам ёрдамлашардим. Фақат сигир соғмаганман, нон ёпмаганман.

Ундан бошқа, укаларимга қараб туриш, овқат пишириш,, кир ювиш, хамир қориш, томорқадаги юмушлар, барчасини қилганман.

Биз улғайган сайин гарчи ёрдам берсак ҳам онам рўзғор ишларида барибир қийналиб қола бошлади. Баъзида чарчаб қолган пайтларида “мактабни битирганингдан уйлантираман” деб қўярди. Охир-оқибат шундай қилди.

Мактабни битирганимдан сўнг отам ошнасининг қизига унаштириб қўйди. Бўлажак қайнотам бошқа маҳаллада яшарди, қизини унча танимасдим. У менга тенгдош экан.

Кўп ўтмай тўйимиз бўлди. Тасаввур қиляпсизми, 18 ёшга кирмай уйландим. Хотинимнинг характери ёмон эмасди. Бирон оғиз ошиқча гап гапирмас, индамай рўзғор ишлари билан банд эди.

Хотиним рўзғор юмушларини қўлга олгач онам бироз тин олди. Бирин-кетин фарзандларим туғилди. 10 йилда уч қизли бўлдим. Ҳадеб қиз фарзанд кўрганимиз мендан кўра онамга кўпроқ акс таъсир қила бошлади.

У баъзида шу ҳақда гап очиб қолар, хотиним эса индамасди. Отам онамга индай олмас, унинг айтгани айтган, дегани деган эди. Мен эса бу мавзуда бирон марта гапирмадим. Чунки қандай фарзанд кўриш аёлнинг қўлида эмас деб билардим. Аллоҳ хоҳлаганини беради, вассалом.

Гоҳида хотиним онамнинг таъналари ҳақида гапириб қолганида унга сабр қилиши лозимлигини айтардим:

“Мен оилада тўнғичман, укамни уйлантиргач бизни алоҳида қилиб чиқаришади. Сабр қил, бу уйда бир умр қолиб кетмайсан”.

Ўшанда хотинимга бу уйда бир умр қолиб кетмайсан деганимга фаришталар ҳам “Омин” деган экан шекилли...

Тўртинчи фарзандимиз ўғил туғилди. Бундан ҳамма хурсанд бўлди. Айниқса қайнонаси ва эрининг олдида “юзи ёруғ бўлган” хотинимнинг қувончи чексиз эди.

Кўп ўтмай бирданига икки укамни уйлантирдик. Шундан сўнг мен алоҳида уй қилиб чиқиш учун тадорик кўра бошладим. Бироқ онамнинг бу масаладаги фикри бошқача экан.

Бир ҳаммамиз йиғилиб ўтирганимизда онам “Олдин укаларингни уй-жойли қиламиз, кенжа укангни уйлантирамиз. Сўнг сен алоҳида бўлиб чиқасан” деб қолди.

Онамнинг бу гаплари менга ва хотинимга ёқмади. Ўшанда иккаламиз ҳам ҳеч нарса демадик. Бироқ хотинимнинг ҳафсаласи шунчалик қаттиқ пир бўлдики, рўзғор ишларига ҳам эътиборсизлик қила бошлади.

Бу эса овсинлар орасида “мен қилдим, сен қилмадинг” деган гап-сўзларни ва пинҳона адоватни юзага келтирди.

Хотинимнинг фикрича, овсинлари келгунча у роса рўзғор учун хизмат қилган, энди уларнинг гали келди ва ишлашсин. Бироқ хотиним бу гапни онамга айта олмасди.

Овсинлари эса бу гапни эшитиб “ишлаган бўлсангиз ўзингиз учун ишлагансиз, биз учун эмас. Қолаверса, рўзғорнинг асосий қисми сизлар-ку, эрингиз, тўрт болангиз ва ўзингиз учун ишланг, бўлди”, деб жавоб қайтаришарди.

Бу келишмовчилик қайнотамнинг ҳам қулоғига етибди. Бир куни қайнотам ва қайнонам меҳмон бўлиб келишди. Улар бизнинг алоҳида бўлишимиздан гап очишганди онам дарҳол “Уйни қайси пулимизга тиклаймиз?” деди.

Шундан қайнотам “Куёв уйни бошласин, мана биз ҳам қараб турмаймиз, ёрдам берамиз” деб қолди. Онам қайнотамдан бу гапни кутмаган эканми, аввалига гап тополмай қолди. Кейин эса биз энг охирида алоҳида бўлиб чиқишимиз ҳақидаги гапини ушлаб олди.

Ўша куни қайнотам ва қайнонам хафа бўлиб кетишди. Хотинимнинг кайфияти баттар бузилди. Шу тариқа рўзғордан ҳаловат йўқолди. Кўп ўтмай хотиним менга ҳам, онамга ҳам гап қайтаришга ўтди. Тахминимча, вазият унинг асабини емира бошлаганди.

Бир куни тоғам келиб қолди. У ҳам қайнотам билан қалин ошна эди. Тоғам онамга ўғилларни бундай тарзда олиб ўтириш рўзғорни пароканда қилиши мумкинлигини, каттасидан бошлаб алоҳида қилавериш кераклигини, шунда ошиқча гап-сўз бўлмаслигини айта бошлади.

Шунда онам дабдурустдан “Ака, сизни бизнинг олдимизга қудам юбордими? Унга ҳамма гапни айтгандим. Тўнғич ўғлим охирида алоҳида бўлади”, деди.

Шунда тоғам “Унда бу иккаласини тезроқ алоҳида қил” деганди онамдан “Иккита уй тиклашга пул йўқ. Ёки сиз қуриб берасизми?” деган жавобни олди. Ўша куни тоғам бизникидан хафа бўлиб чиқиб кетди.

Оиламиздаги таранглик баттарлаша бошлади. Бу орада мен гап қайтаргани учун хотинимни аввал сўкдим, сўнг тарсаки туширдим. Бундай ҳолат икки-уч марта такрорланди. Хотиним ҳар гал жанжал бўлганда отасиникига аразлаб кетарди. Эртаси куни қайнотам олиб келиб қўярди.

Ўша пайтларда қайинсингилларим узатиладиган, ўғли уйланадиган ёшга етган, бечора қайнотамнинг ҳам ташвишлари ўзига етарли бўлгани учун у чорасиз эди.

Охирги жанжалимиз қаттиқроқ бўлди ва унга онам ҳам аралашди. Бу сафар хотиним аразлаб кетишга улгурмасидан онам унга “йўқол, қайтиб қорангни кўрмай”, деб бақирди. Шунда хотиним ҳам онамга сенлаб “уйинг бошингдан қолсин”, деб чиқиб кетди.

Бу сафар қайнотам хотинимни олиб келмади. Биз ҳам бормадик. Орадан бир ой ўтгач қайнотам хотинимни олиб келганди, онам уйга қўймади. Бечора шунча ялинди ҳам, фойдаси бўлмади.

“Мен тирик эканман, у бу уйга қайтиб келмайди. Ўғлимни бошқага уйлантираман” деди онам. Қайнотам хотинимни ва болаларимни қайтариб олиб кетди.

Эртаси куни тоғам келди. У қанча гапирмасин, насиҳат қилмасин онам инобатга олмади. Шунда тоғам отамга насиҳат қила бошлади:

“Сен бир пайтлар отасиз ўсгансан. Отанг билан битта маҳаллада яшаб уни ота деб атай олмай, ёнма-ён келганда худди бегоналардай бир биринг билан сўрашмай ўтиб кетардинг. Ўша кунлар сенга дарс бўлмадими? Қандай қилиб энди тўрт болани тирик етим бўлишига қўйиб берасан?”

Онамдан қўрқадиган ва унинг тўғрими, нотўғрими барча гапини бирдай қўллайдиган отам тоғамнинг гапларига жавоб қайтармади.

“Бир пайтлар сен совчи бўлиб борганингда ошнам мендан, ҳа айнан мендан маслаҳат сўраганди. Шунда унга “қизингни беравер, Худо хоҳласа афсусланмайсан” деганман. Афсуски адашган эканман. Бошдан шу ўғлингни алоҳида қилиб чиқарганингда шунча машмаша йўқ эди. Майли, ўзинг биласан. Бу ишинг учун ҳали қаттиқ афсусланасан”, деди тоғам онамга. Лекин у пинагини ҳам бузмади.

Ўшанда мен хотиним билан ажралишни, тўрт боламни тирик етим қилишни хоҳламасдим. Бироқ онамга гапира олмасдим. Бунга журъатим етмасди.

Кўп ўтмай онам мени уйлантириш ҳаракатини бошлади. Оиламиз маҳаллада ёмонотлиқ бўлган, бунинг устига ёшим 35 га яқинлашиб қолган, ҳеч ким менга тегишни хоҳламасди. Ҳатто ёши катта бўлиб, турмушга чиқа олмаётган қизлар ҳам.

Музофотимизда оиласидан ажрашиб ёки бошқа сабаблар билан ёлғиз қолган ёш жувонлар ҳам бор эди. Лекин “Ўғлимга онаси ўпмаган қизни олиб бераман” деб катта гапириб қўйган онам ундайларни келин қилишни хоҳламасди.

Онам қидира-қидира қўшни қишлоқдан ёши 30 ларга яқинлашган бир қизни топди. У билан оила қурдим, укаларимнинг хотини янги овсинни ҳам ёқтиришмади.

Бир йилдан сўнг қиз фарзандли бўлдим. Хотинимда ҳомиладорлик оғир кечди. Болани кесарча қилиб олишди. Ўшанда хотинимнинг бачадонида нимадир муаммо бор экан, шифокорлар хотинимга ҳомиладор бўлса асорати оғир бўлишини айтишибди.

Овсинлар келиша олмагач онам бизни алоҳида қилди. Икки йил ўтиб укаларим ҳам менинг ёнимдан уй тиклаб, алоҳида бўлиб чиқишди. Шундан сўнг рўзғор тинчиди. Бироқ онам шунда ҳам ҳаловат топмади.

Гап шундаки, кенжа укам уйлангач бир неча йил фарзанди бўлмади. Хотини билан ажрашиб бошқа уйланди, яна фарзанди бўлмади. Унинг иккала хотини ҳам ҳомиладор бўлган, бироқ шифокорларга кўриниб турмаслик оқибатида биринчи хотини ҳам, иккинчиси ҳам бир неча марта бола ташлади.

Бу орада отам вафот этди ва онам ҳовлида кенжа укам ва унинг хотини билан ёлғиз қолиб кетди. Ҳовлида бола йиғиси эшитилмас, назаримда бу онамга оғир ботарди.

Бу орада у бизникига ва укаларимникига келганда бир неча бор набираларини олдига йиғиб, ўзи билан яшашга таклиф қилди, болаларнинг биронтаси унамади.

Кенжа укам ўн йил деганда фарзандли бўлди. Унгача онам бола йиғиси ва кулгисини соғиниб яшади. Ўшандай пайтларда кўнглидан нималар ўтди билмайман. Балки тўрт болани тирик етим қилгани учун афсуслангандир, балки ундай эмасдир, билмадим.

Мен уйланишимдан аввал ва кейин ҳам бир неча бор болаларимни кўргани бордим, бироқ қайнотам уйидан қувиб солди. Шундан сўнг қайтиб бормадим.

Ажрашганимдан икки йилча ўтиб хотиним турмушга чиқиб кетди. Эри болаларингни олиб келмайсан деб шарт қўйган экан, болаларим қайнотам билан бирга қолишди.

Уларни қайнотамнинг ўзи боқиб катта қилди. Қариган чоғида қизларимни жуда қийналиб узатди. Ўғлимни уйлантирди. Ҳозир набираларим бор. Лекин улар мени эмас, саксонга яқинлашиб қолган қайнотамни бобо деб билишади.

Бу орада мен ҳам қизимни узатдим ва хотиним билан ёлғиз қолиб кетдик. Ҳозир укаларимнинг болалари биздан хабар олиб, хизматимизни қилиб туришибди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид